Умурзоқов энергетика тизимидаги муаммолар бўйича танқидий йиғилиш ўтказяпти
Жамият
−
07 Декабрь 2022
10887Электр ва газ борасида юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал қилиш учун туну кун ишлайдиган штаблар ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Айни вақтда Президент Администрациясида жорий йил якуни билан ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда кутилаётган натижалар ва энергетикадаги вазият бўйича йиғилиш ўтказилмоқда. Йиғилишда видеоалоқа орқали барча ҳудудлар раҳбарлари иштирок этяпти.
Администрация раҳбари Сардор Умурзоқов раислигида кескин танқидий руҳда ўтаётган йиғилишда қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун масъул мутасаддилар ишидаги жиддий камчиликлар кўрсатиб ўтилди, мавсумга тайёргарлик ишларидаги қолоқликлар, юзага келган вазиятни бартараф этиш чоралар тезкор қабул қилинмагани ва умуман сустлиги юзасидан жиддий эътирозлар билдирилди.
Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан мутаносиб таъминлаш масалаларини тезкор ва тизимли ҳал этиб бориш мақсадида Энергетика вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида куну тун ишлайдиган штаблар ташкил этиш топширилди.
Бу масалалар бўйича кунлик назорат ўрнатиш учун Президент маслаҳатчилари ва Бош вазир ўринбосарлари ҳар бир вилоят ҳокимига бириктириладиган бўлди.
Штаблар ва бириктирилган раҳбарлар алоҳида эътиборни қуйидагиларга қаратади:
- электр энергияси ва табиий газ ишлаб чиқариш ҳамда уларни истеъмолчиларга етказиб бериш;
- аҳоли, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари учун кўмир ва суюлтирилган газ етказиб бериш;
- қўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатувчи қозонхоналарнинг ишлаш ҳолатини назорат қилиш ва бошқалар.
LiveБарчаси