“Умидимиз Америкадан”. Зеленский Трампдан кўп нарса кутмоқда

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ ва Россия раҳбари – Дональд Трамп ва Владимир Путин ўртасидаги учрашув Украина ва Россия ўртасида ҳақиқий тинчликка йўл очиши кераклигини айтди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди. 

Зеленский россияликлар учрашувда ўзи учун энг қулай йўлларни танлашга интилаётганини билдирган.

“Биз бу режани тушунамиз, ҳамкорларимизни ҳақиқий вазият ҳақида хабардор қиляпмиз”, дея ёзган Украина раҳбари. 

Шунингдек, Украина Президенти Россия томонининг амалдаги ниятлари ва Аляска учрашувига тайёргарлиги бўйича разведканинг ҳисоботини кутаётганини маълум қилган.

“Бугуннинг ўзида разведкадан Россия томонининг ҳозирги ниятлари ва Аляска учрашувига тайёргарлиги ҳақида ҳисобот олишни кутяпман”, дея ёзган Зеленский. 

Қолаверса, давлат раҳбари Путин ва Трампнинг учрашуви Украина, АҚШ ва Россия раҳбарлари ўртасида ҳалол тинчлик йўлига ва мазмунли мулоқотга йўл очиши кераклигини айтган. 

“Урушни якунлаш вақти келди, зарур қадамларни Россия ташлаши лозим. Умидимиз Америкадан. Ҳар доим бўлгани каби энг юқори даражада самарали ишлашга тайёрмиз”, дея қўшимча қилган Украина Президенти. 

Маълумот учун, Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Аляскадаги учрашуви 15 август куни маҳаллий вақт билан 11:30 да (Ўзбекистон вақти билан соат 23:30) бошланади. Учрашув “синов” характерида бўлиб, якуний босқич Путин ва Зеленский учрашуви бўлиши мумкин.

Музокараларда “ҳудудлар алмашинуви” масаласи ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда. Трамп бу жараёнда икки томон учун ҳам “ёқимсиз нарсалар” бўлишини, фронт чизиқлари ўзгаришини айтган ва агар музокара муваффақиятсиз тугаса, жараёндан чиқиб кетиши мумкинлигини билдирган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Владимир Зеленский ва Европа етакчилари билан видеоконференциядан сўнг, Россия билан мумкин бўлган тинчлик келишуви доирасида Киевга хавфсизлик кафолатларини беришга тайёрлигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Владимир Путин Дональд Трамп Владимир Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг