Freedom House Ўзбекистонни “авторитар” давлатлар қаторида қолдирди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Freedom House 2020 йил якунлари бўйича жаҳон мамлакатларининг эркинлик даражасига оид анъанавий йиллик ҳисоботини эълон қилди. Унда ташкилот кузатадиган мамлакатларда демократик вазият “ ҳозир ўн йил олдингидан ёмонроқ”.  Ташкилот янги сайланган етакчилар демократик институтларни парчалаётганини айтиб, Европа ва Евроосиёдаги “аксилдемократик бурилиш”дан огоҳлантирди. 

Ўзбекистон янгиланган рейтингда эркинлик даражаси бўйича 100 баллдан 11 балл жамлаб, “эркин бўлмаган” мамлакатлар қаторида қолган.

Аммо ҳисоботда Ўзбекистонда “умид учқунлари кўринган”. 2020 йилда Ўзбекистон билан бирга Шимолий Македонияда ҳам қатор ўзгаришлар бўлган.

“Шимолий Македония ва Ўзбекистондаги саъй-ҳаракатлар аста-секин маҳаллий даражадаги ижобий ўзгаришларга олиб келди ва натижалар яхшиланди. Хусусан, Ўзбекистон ташкилотнинг сиёсий эркинлик ва Интернет эркинлиги рейтингида 2019 йилга нисбатан бир поғонага, демократия рейтингида икки поғонага кўтарилди”, дейилади ташкилот баёнотида.

Ўзбекистондаги сиёсий ҳуқуқлар энг юқори 40 баллдан 2 баллга, фуқаролик эркинликлари эса энг юқори 60 баллдан 9 баллга, жами 11 баллга баҳоланган. Шунингдек, интернет эркинлиги бўйича ҳам Ўзбекистон 100 баллдан 27 балл тўплаб, интернети эркин бўлмаган мамлакатлар қаторидан жой олган. Умумий ҳисобда Ўзбекистон ташкилот наздида ҳамон “авторитар” давлат бўлиб қоляпти.

Freedom House’га кўра, Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги ва суд тизимидаги ислоҳотлар аҳоли ҳаётини яхшилаяпти, аммо бу ўзгаришлар демократияни ривожлантириш ва асл сиёсий плюрализмни яратишга йўналтирилмаган.

Ташкилот Европа ва Евроосиёдаги “умумий демократия кучи” сўнгги 17 йилдирки пасайиб бормоқда, деган хулосага келган.

2020 йил якунлари бўйича рейтингда энг юқори ўринларни максимал 100 балл билан Европа давлатлари Финляндия, Норвегия ва Швеция эгаллаган. Энг паст натижаларни эса Тибет ва Сурия 1 балл билан, Туркманистон, Эритрея, Жанубий Судан (2 баллдан) ва Шимолий Корея (3 балл) эгаллаган.

Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари - Тожикистон (8 балл), Қозоғистон (23 балл) ва Қирғизистон (28 балл) ҳам “эркин бўлмаган” мамлакатлар қаторига киритилган. Қирғизистон ўтган йили қисман эркин бўлган давлатлар қаторида эди. Лекин Freedom House ўтган йилги парламент сайловларида фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари бузилиши ортидан мамлакат рейтингини тушириб юборди.

Осиё қитъасидаги Жанубий Корея, Япония ва Мўғулистон эркин мамлакатлар сифатида қайд этилган.

Freedom House’нинг бу йилги ҳисоботида 195та мамлакат ва 15 та ҳудуд қамраб олинган. 82 та давлат ва 1та ҳудуд (картада яшил) тўлиқ эркин, 59 та давлат ва 4 та ҳудудда (сариқ) қисман эркинлик бор. 54 та давлат ва 10 та ҳудуд (бинафшаранг) эса эркин бўлмаганлар қаторига киритилган.


Мақола муаллифи

Теглар

инсон ҳуқуқлари Freedom House

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг