Ўлгунича ўйнаган ва ҳушидан кетгунича кулган одамлар: улар нега бундай қилган?

Бу қизиқ

image

Тарих ҳамон тушунарсиз қолаётган ҳодисалар бисёрлиги ва уларнинг бир қанчаси инсонлар орасида содир бўлганига гувоҳлик беради. Аммо бундай одамлар ўзида кечаётган ҳолат ва унинг сабабини изоҳлашга ожизлик қилган. Шундай ҳодисаларнинг энг машҳурлари “Ўлим рақси” ва “Кулги эпидемияси”дир. Мақолада турли макон ва замонда содир бўлган ҳар икки воқеа ҳақида сўз боради.

“Ўлим рақси”

1518 йилнинг июль ойида Муқаддас Рим империяси таркибидаги (ҳозир Францияга қарашли) Страсбург шаҳрида яшовчи Троффеа фамилияли аёл одамлар қаршисида тўсатдан ўйинга тушишни бошлади. Унинг мусиқасиз рақси атрофдагиларни ажаблантирди. Бир ҳафта ичида 30 киши унинг ёнига қўшилган бўлса, орадан кўп ўтмай, шаҳар кўчаларида рақсга тушаётганлар сони 400 га етди.

Баъзи манбаларда келтирилишича, одамлар шунчалик берилиб рақсга тушганки, оёқлари қонаб кетган. Тўхтамасдан рақсга тушиш кўпчиликнинг ҳолдан тойиб, ҳатто ҳалок бўлишига сабаб бўлган. Бу сирли ҳодиса “Авлиё Жон рақси” деб номланган, чунки одамлар ўйнаётган пайтида унинг номини айтиб қичқирган. Манзарадан даҳшатга тушган руҳонийлар бу ҳолатни “шайтонлаш” деб қабул қилиб, унга қарши кураш бошлаган: рақсга тушаётганлар олиб кетилиб, тавба қилишга мажбурланган, лекин бу фойда бермаган.

Ўлатдан кейинги ўйин

Замондошларини ажаблантирган бўлса-да, бундай ҳодисалар ўша давр учун ноёб эмас эди. XIV-XVI аср қўлёзмалари Европанинг марказий қисмида минглаб одамлар тўсатдан рақсга тушиш касаллигига чалингани ҳақида сўзлайди. Баъзи олимларнинг фикрича, бу эпидемиянинг келиб чиқишига Европанинг энг катта офатларидан бири – Қора ўлат (1340-1350 йиллар) сабаб бўлган. Ўшанда Европанинг 60% аҳолиси очлик ва касалликдан ҳалок бўлган, баъзи шаҳарлар бўм-бўш вайронага айланган. Одамлар бу даҳшатли манзарага бардош беролмай, ўзларини қийнаш орқали гуноҳлардан покланишга ҳаракат қилган.

1360 йилда Боҳемия чегарасидаги Лаузиц шаҳрида ҳам ғалати ҳолат юз берди: хотин-қизлар “ақлини йўқотиб”, Муқаддас Марям ҳайкали олдида рақсга тушишни бошлади. Бироқ бу ҳодиса қисқа давом этди.

Орадан 14 йил ўтиб, Ахен шаҳри ҳам шу каби сирли рақс эпидемиясига гувоҳ бўлди. Дастлаб одамлар шунчаки қувонч билан ҳаракат қилаётгандек туюлди, лекин тез орада бу ҳолат назорат қилиб бўлмайдиган даражага етди. Ҳаракатлар телбанамо ҳолатда бўлиб, одамлар чарчоқни ҳис қилмасди. Шу сабабдан бу касаллик “Хореомания” (юнонча “рақс” ва “телбалик” сўзларидан) деб ҳам аталди.

“Шайтонлаш”

Ўша даврда тарихчи Петрус де Херентальнинг ёзишича, хореоманияга чалинган одамлар шундай аҳволда эдики, улар ўз уйи, бозор ва ҳатто черковларда ҳам тинимсиз рақсга тушган. Бошқа бир тарихчи Бзовс (Bzovius) эса янада қўрқинчли тасвир беради: “одамлар уйи ва жамиятни тарк этиб, оғзидан кўпик чиқиб, йиқилар, кейин яна ўрнидан туриб, ўзларини ўлдиргунча рақс тушарди. Айримлари қаттиқ тутқаноқ тутиб ҳалок бўлган”.

Ахендаги ҳолатдан бир неча ҳафта ўтиб, Трир шаҳри яқинидаги ўрмонларда янада ажабланарли ҳодиса содир бўлди. Бу ерда йиғилганлар шунчалик кўп эдики, кичик шаҳар манзарасини эслатар эди. Улар кийимларини ечиб, бошларига гулчамбар тақиб, яна рақс тушишни давом эттирган. Черков вакиллари “раққослар”нинг ичига “жин кириб олгани”га ишонган. Жинларни чиқариш учун одамларнинг кўпчилиги қийноққа солинган. Бир неча ой ўтиб, эпидемия тўсатдан йўқолади ва черков вакиллари бу ўз усуллари самараси эканини айтади, лекин “раққослар”нинг кўпи аллақачон чарчоқ ва очликдан вафот этганди.

Қандай тахминлар мавжуд?

Кейинги беш аср давомида турли фикрлар илгари сурилди. Кимдир раққослар сирли диний сектанинг аъзолари бўлган деса, бошқалар уларни асаб касалликларига чалинган деб ҳисоблайди. Баъзи олимлар фикрича, одамлар ўзи билмаган ҳолда психоактив таъсирга эга эргот моғоридан заҳарланган бўлиши мумкин. Бироқ “раққослар” ўз танасини назорат қила олмаган ва ҳатто ўлиб қолмагунча чарчоқ ҳам ҳис қилмаган. Бу эса ҳодисанинг асаб тизимига боғлиқлиги эҳтимолини кучайтиради.

1518 йилги эпидемия олдидан Страсбургда ўлат, очарчилик ва сифилис касаллиги тарқалган. Бу омиллар одамларнинг руҳий ҳолатига жиддий таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Эҳтимол, оғир турмуш шароити, стресс ва ижтимоий босимлар бу ҳодисанинг сабабидир. Бироқ ўша пайтда Рейн дарёси бўйи – Ахенда кийимсиз рақсга тушган одамларга нима бўлгани ҳануз сирлигича қолмоқда.

“Кулги эпидемияси”

Инсонлар орасида айнан рақс бўлмаса-да, худди шунга ўхшаш ғайритабиий ҳолатлар ҳозиргача кузатилади. Масалан, яқин ўтмиш – 1962 йили Танзания (ўша пайтда Танганьика) мактабларидан бирида “Кулги эпидемияси” содир бўлди. У дастлаб қизлар мактабида бошланиб, кейин бошқа ҳудудларга тарқалган. Бир неча ой давом этган бу эпидемияни назорат қилишнинг имкони бўлмагани оқибатида 14 та мактаб вақтинча ёпилган.

Одатда бундай оммавий психоген ҳолатлар битта одамдан бошланади. Бу ҳолатда, эҳтимол, бир қиз ташвишдан кулган, кейин бу бошқа ўқувчиларга юқиб, уларда ҳам зўраки кулги пайдо бўлган. Секин-аста бу ҳолат мактабдан ташқари бошқа гуруҳларга ҳам тарқалган. Жабрланганлар бир неча соатдан 16 кунгача давом этадиган такрорий кулги ва йиғидан азият чеккан, баъзилари ҳушидан кетгунча кулган. Ушбу тутқаноқлар безовталик, мақсадсиз югуриш ва ҳатто баъзан тажовуз билан ҳам кечган, аммо бу ҳолатнинг аниқ жисмоний сабаблари топилмаган.

Ҳаммаси психологикми?

Ҳозирда бундай ғайритабиий воқеаларни умумлаштириб, психологик хасталик дейиш учун етарлича далиллар бўлмаса-да, тадқиқотчилар ҳар икки ҳолат ҳам мамлакат бошидан оғир кунлар ўтганида (“Ўлим рақси”да очарчилик ва ўлат; “Кулги эпидемияси”да эса эндигина мустақилликка эришган қашшоқ жамият) содир бўлганини айтмоқда. Инсон психологияси кучли стрессни турли тана ҳаракатлари билан бартараф этишга уриниши фанга маълум, йиғлаш, бақириш, буюмларни синдириш шулар жумласидан.


Мақола муаллифи

Теглар

Страсбург Ўлим рақси Кулги эпидемияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг