Ўлдирилган айиқ боласи иши ИИБга оширилди
Жамият
−
28 Апрель 2022
11894Қашқадарёда қўнғир айиқ боласининг ўлдирилиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Ички ишлар органига ўтказилди. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.
Давлат экология қўмитаси инспекторлари ва туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган ўрганиш жараёнида ҳолат, Деҳқонобод Давлат ўрмон хўжалигининг Қизилсой ўрмон бўлимида жорий йилнинг 5 апрель куни содир этилгани аниқланган.
Айиқ боласининг танасидан ажратиб олинган териси “Оққишлоқ” МФЙ ҳудудида яшовчи К. Ш.нинг яшаш хонадонидан топилган. Айиқ боласи териси далолатнома асосида олиб қўйилиб экспертизага юборилган. Ҳолатдан хабардор бўлган барча фуқаролардан ёзма тушунтириш хатлари олинган.
Айиқ боласининг ўлдирилиши билан Ўзбекистон Республикасининг “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонунлари талаблари қўпол равишда бузилган. Ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 202-моддасида назарда тутилган жиноят аломатлари борлиги сабабли, тўпланган ҳужжатлар Деҳқонобод туман Ички ишлар бўлимига ўтказилган.
LiveБарчаси