Ҳукумат хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қарор лойиҳасини тақдим этди
Жамият
−
27 Февраль 2019
6314Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Мазкур қарор билан Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясига юкланган вазифаларни амалга оширишда яқиндан кўмаклашиш, унинг тизимли фаолиятини йўлга қўйиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси маслаҳат кенгаши ташкил этилади.
Маслаҳат кенгаши Ассоциация ҳамда хорижий мамлакатларга таълим олиш ва меҳнат қилиш учун чиқиб кетган ўзбекистонлик ёшлар билан ишловчи идора ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал орган сифатида белгиланмоқда.
Қарорга мувофиқ:
Маслаҳат кенгаши тўғрисидаги Низом;
Маслаҳат кенгашининг таркиби;
Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва самарадорлигини ошириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар Дастури тасдиқланади.
Маслаҳат кенгаши (Қ.Қуронбоев)га бир ой муддат ичида:
Маслаҳат кенгаши фаолиятини Низом талаблари асосида йўлга қўйиш;
Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва самарадорлигини ошириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар Дастурининг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини ташкил этиш вазифалари юкланади.
Ассоциация раисини меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шарт-шароитлари бўйича Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосарига тенглаштирилади.
Ассоциациядаги штат бирликлари сонини қайта кўриб чиқиш, ойлик маошлари ҳажмини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ходимлари билан тенглаштириш ва уларга яратилган барча имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини берилади.
Ташқи ишлар вазирлиги (А.Комилов), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (А.Саъдуллаев), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Ассоциация билан биргаликда бир ой муддатда алоҳида давлатлар кесимида Ассоциациянинг ваколатхоналарини ташкил этиш, хорижий давлатларнинг ваколатли органларидан рўйхатдан ўтказиш ҳамда вакилларини тайинлаш, улар билан шартномалар тузиш масалалари бўйича таклиф ишлаб чиқиши керак.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Содиқов), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (А.Саъдуллаев), Ассоциация ва манфаатдор вазирлик, идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Ассоциация қошида хориждаги ўзбекистонлик ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда дуч келган муаммолари бўйича тезкор чоралар кўриш мақсадида куну-тун хизмат кўрсатувчи бепул “ишонч телефони” ва веб-портал фаолиятини йўлга қўядилар.
Молия вазирлиги (Ж.Кўчқоров) Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Б.Ходжаев), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (С.Мақсудов) билан биргаликда икки ой муддатда Ассоциация қошида хориждаги ёрдамга муҳтож ўзбекистонлик ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг бюджетдан ташқари маблағлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик ва хайрия маблағлари, маҳаллий, хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантириладиган алоҳида фонд ташкил этишлари лозим.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.Ортиқхўжаев), Давлат активларини бошқариш агентлиги (Н.Жўраев), Ташқи ишлар вазирлиги (А.Комилов), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (А.Саъдуллаев) ва бошқа манфаатдор вазирлик, идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Ассоциациянинг Тошкент шаҳридаги марказий аппаратини ҳамда хорижий мамлакатлардаги вакиллари ва ваколатхоналарини бино-иншоотлар билан таъминлаш бўйича таклиф киритиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Р.Давлетов) манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь