Украинага юборилган ҳар қандай хорижий қўшин биз учун нишон – Россия
Олам
−
08 Январь 6840 2 дақиқа
Ғарб ҳукуматлари томонидан Украинага юбориладиган ҳар қандай қўшинлар Россиянинг “қонуний жанговар нишонлар” бўлади. Бу ҳақда бугун, 8 январь куни Россия ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова маълум қилди.
Унинг бу баёноти Буюк Британия ва Франция сулҳ тузилган тақдирда Украинага кўп миллатли кучларни жойлаштириш режаларини эълон қилганидан сўнг янгради.
Билдирилишича, Россия 6 январь куни Парижда бўлиб ўтган “Кўнгиллилар коалицияси”нинг йиғилишига биринчи марта жавоб қайтарган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги муносабатида Украина тарафдори Ғарб ҳукуматлари коалициясининг “ҳарбий баёнотлари” тобора хавфли бўлиб бораётгани айтилган.
Франция Президенти Эммануэль Макрон минглаб қўшинлар юбориши мумкинлигини айтган. Буюк Британия Бош вазири Кир Стармернинг айтишича, бу “Британия, Франция ва ҳамкор кучлар Украина тупроғида фаолият юритиши, Украина осмони ва денгизларини ҳимоя қилиши ва келажакда Украина қуролли кучларини қайта тиклаши” мумкин бўлган ҳуқуқий асос яратишга йўл очади.
“ Россия Ғарб ҳарбий бўлинмалари, ҳарбий иншоотлари, омборлари ва бошқа инфратузилмаларнинг Украина ҳудудига жойлаштирилиши нафақат Россия, балки бошқа Европа мамлакатларининг хавфсизлигига бевосита таҳдид соладиган хорижий аралашув сифатида таснифланиши ҳақида огоҳлантирмоқда”, дейилади Москва баёнотида.
Шунингдек, баёнотда Ғарб сиёсатчиларининг бу интилишларни ўз чўнтакларидан молиялаштиришга мажбур қилаётгани таъкидланган.
“Барча бундай бўлинмалар ва иншоотлар Россия Қуролли кучларининг қонуний жанговар нишонлари ҳисобланади. Ушбу иштирокчиларнинг режалари Европа қитъаси ва унинг аҳолиси келажаги учун тобора хавфли ва ҳалокатли бўлиб бормоқда, уларни ҳам Ғарб сиёсатчилари бу интилишларни ўз чўнтакларидан молиялаштиришга мажбур қилмоқдалар”, дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, 2022 йил февраль ойида Украинага тўлиқ кўламли бостириб киришни амалга оширган Россия Украинанинг НАТОга қўшилиши ва Россияга таҳдид қилиш учун платформа сифатида ишлатилишининг олдини олиш учун аралашишга мажбур бўлганини даъво қилади. Мамлакат расмийлари Ғарб кучларининг Украинада жойлашишини ҳеч қачон қабул қилмаслигини доимий равишда таъкидлаб келади.
Украина ва унинг иттифоқчиларининг сўзларига кўра, келажакда Россиянинг яна бир босқинининг олдини олиш учун Украина ҳар қандай тинчлик келишувининг бир қисми сифатида қатъий хавфсизлик кафолатларига муҳтож.
Қўшма Штатлар Украинага ўз қўшинларини юборишни рад этган, аммо унинг махсус вакили Стив Уиткофф 6 январь куни Парижда бўлиб ўтган учрашувда Президент Дональд Трамп Украинага келажакдаги ҳужумларнинг олдини олишга қаратилган хавфсизлик протоколларини “қатъий қўллаб-қувватлашини” айтган.
Live
БарчасиПушкиннинг чевараси оламдан ўтди
07 Февраль