Украинага босқинни қоралаган Байден Ғазо бомбаланганини ёқлаб чиқди

Олам

image

Россиянинг Украинадаги босқинига тиш-тирноғи билан қаршилик қилаётган АҚШ Исроилнинг Ғазо секторидан уюштирилаётган ҳужумлардан ҳимояланиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден маълум қилди.

У уч кунлик жанговар ҳаракатлардан сўнг, Исроил ва Ғазодаги жангарилар ўртасида ўт очишни тўхтатиш учун эришилган сулҳни олқишлади.

“Мен Исроилнинг ўз хавфсизлигини, шу жумладан ҳужумдан ҳимояланиш ҳуқуқини узоқ вақтдан бери ва қатъият билан қўллаб-қувватлаяпман. Сўнгги кунларда Исроил ўз халқини Фаластиннинг “Исломий жиҳод” террорчилик гуруҳи томонидан отилган тартибсиз ракета ҳужумларидан ҳимоя қилди ва Қўшма Штатлар юзлаб ракеталарни тутиб, сон-саноқсиз [инсонлар] ҳаётини сақлаб қолган "Темир гумбаз" ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини қўллаб-қувватлаётганидан фахрланади”, дейди Байден Оқ уй томонидан эълон қилинган ёзма баёнотда.

Оқ уй раҳбарининг сўзларига кўра, сўнгги 72 соат ичида Қўшма Штатлар Исроил, Фаластин, Миср, Қатар, Иордания ва минтақадаги бошқа давлатлар расмийлари билан ҳамкорликда можарони тезроқ ҳал қилишга ёрдам берган.

Шунингдек, Президент “Ғазонинг тинч аҳолиси орасида қурбонлар борлиги ҳақидаги хабарларни” фожиа деб атаб, бунга ҳам “Исроилнинг “Исломий жиҳод” позицияларига зарбалари, ҳам “Исломий жиҳод”нинг Исроил томон учирган ўнлаб ракеталари сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Байденга кўра, "жиҳодчилар" учирган айрим ракеталар Ғазо ҳудудига тушган. 

“Менинг маъмуриятим барча хабарларни ўз вақтида ва чуқур ўрганилишини қўллаб-қувватлайди ва биз барча томонларни ўт очишни тўхтатиш режимига тўлиқ риоя қилишга ва жанговар ҳаракатлар тўхтатилгач, Ғазога ёқилғи ва инсонпарварлик юклари оқимини таъминлашга чақирамиз", дейди АҚШ Президенти.

Шу билан бирга, Президент Байден исроилликлар ҳам, фаластинликлар ҳам хавфсизлик ва тинчликда яшашга, эркинлик, фаровонлик ва демократиядан тенг баҳраманд бўлишга лойиқ эканини яна бир бор таъкидлади. Вашингтон маъмурияти “бу қарашни қўллаб-қувватлаш учун Исроил ва Фаластин етакчилари билан ҳамкорликни давом эттиради”, деб якунлади у ўз нутқини.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 5 август куни Исроил мудофаа кучлари Фаластин “Исломий жиҳод” гуруҳининг террористик нишонларига қарши олиб борилаётган “Тонг” операциясига старт берди.

Исроил Бош вазири Яир Лапид ва Мудофаа вазири Бенни Ганц қўшма баёнотда зарбалар Исроил фуқароларига нисбатан ўзига хос таҳдидни бартараф этиш ҳамда “террорчилар ва уларнинг ҳамкорларига” зарар етказишга қаратилганини айтган.

Фаластиннинг Ғазо секторидаги ҳукмрон ҲАМАС ҳаракати кескинлашувда Исроилни айблаган.

7 август куни Исроил ва Ғазодаги “Исломий жиҳод” ҳаракати Миср воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди. Исроил ҳужумлари оқибатида ҳозиргача 44 киши, жумладан, 15 нафар бола ва 4 нафар аёл ҳалок бўлган.

Фарангиз Салимова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

224

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг