Украинада немис танки ишлаб чиқарилади
Олам
−
10 Июнь 2023
5688Украинада қурилаётган Rheinmetall заводида энг янги немис Panther KF51 танкини ишлаб чиқариш 15-20 ой ичида бошланиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 10 июнь куни Германиянинг Rheinmetall мудофаа концерни раҳбари Армин Паппергер RND’га берган интервьюсида маълум қилди.
“Биз ҳозирда Panther’ни серияли ишлаб чиқаришга тайёрлаш устида ишлаяпмиз ва 15-20 ой ичида ишга туширилишини кутмоқдамиз”, дейди Паппергер.
Шунингдек, Rheinmetall раҳбари Украина ҳудудида бундай заводни яратишда ҳеч қандай хавф кўрмаслигини айтган. Шу билан бирга, у концерн Германиядан ишчиларни заводга юборишни режалаштирмаётганини билдирган.
“Биз, биринчи навбатда, маҳаллий ишчилар учун малака ошириш курсларини ўтказамиз, шунингдек, уларни вақтинчалик Германияга ишга жўнатамиз. Биз ҳар доим ҳам шундай қилганмиз”, деган Паппергер.
Истиқболли асосий жанговар танк MGCS (Main Ground Combat System) учун Германия-Франция қўшма дастурини амалга ошириш ҳақида гапирар экан, Армин Паппергер унинг амалга оширилишига унчалик ишонмаслигини таъкидлаган.
“MGCS муҳим тадқиқот, лекин ҳатто ҳукуматлар ҳам танк 2040 йилгача тайёр бўлмайди, деб тахмин қилмоқда. Ҳозир 2023 йил ва биз кескин таҳдид ҳолатидамиз. Келгуси бир неча йил ичида бизга замонавий жанговар танклар керак бўлади”, дея хулоса қилган у.
Маълумот учун, Panther танки 2022 йилнинг ёзида Бундесвернинг Leopard асосий жанговар танкига рақобатчи сифатида тақдим этилган. Аввалига бу “Армата” платформаси асосидаги рус Т-14 танкларининг янги авлодига немисларнинг жавоби сифатида қаралган.
LiveБарчаси