Украинада Mirage қирувчи самолёти ҳалокатга учради
Олам
−
23 Июль 2025 6819 2 дақиқа
Украинада парвоз миссиясини бажараётган Mirage 2000 қирувчи самолёти ускунасида носозлик юз берди. Бу ҳақда кеча, 22 июль куни кечқурун Украина ҳарбий-ҳаво кучлари маълум қилди.
Билдирилишича, учувчи катапульт қилган ва унинг аҳволи барқарор.
“Ерда қурбонлар йўқ. Авиация ҳодисаси сабабларини аниқлаш учун махсус комиссия тайинланди”, дейилади хабарда.
Воқеа Украинанинг қайси вилоятида содир бўлганига аниқлик киритилмаган. Бироқ “Озодлик” радиосига кўра, бу мамлакат ғарбидаги Волин вилояти.
“Учувчининг самолётни бошқариш имкони йўқ эди, лекин у бортни аҳоли пунктларидан узоқроққа, кимсасиз жойга йўналтириш учун барча имкониятлардан фойдаланган. Дунёда самолётларнинг носозлиги ҳолатлари кам учрайди, шунинг учун комиссия ушбу авиаҳалокат сабабларини аниқлайди”, деди Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари вакили, полковник Юрий Игнат “Украина ҳақиқати” интернет нашрига берган интервьюсида.
Маълумот учун, Mirage қирувчи самолётларини Украинага Франция етказиб берган. Украина билан “янги ҳамкорлик” бошланиши ва Mirage 2000-5 қирувчи самолётларининг Франция ишлаб чиқарувчиси Dassault'дан Киевга кўчирилиши, шунингдек, украиналик учувчиларни Францияда уларни бошқаришга ўргатиш режалари ҳақида мамлакат Президенти Эммануэль Макрон 2024 йил июнь ойида эълон қилган эди. Ўша йилнинг октябрь ойида Франция Мудофаа вазирлиги раҳбари Себастьен Лекорню етказиб бериш 2025 йилнинг биринчи чорагига қолдирилганини маълум қилди. Дастлаб 2024 йил охиригача етказилиши керак бўлган биринчи Mirage 2000-5 кўп мақсадли қирувчи самолётлар Франция томонидан Украинага 2025 йилнинг февралида етказилган эди.
Live
Барчаси