Украинада Хитой жосуслари қўлга олинди
Олам
−
10 Июль 6756 1 дақиқа
Украинада “Нептун” ракета тизимига оид маълумотларни ўғирлашга уринган Хитой жосуслари қўлга олинди. Бу ҳақда Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) хабар берди.
Қайд этилишича, улар Украинанинг “Нептун” ракета мажмуасига оид махфий ҳужжатларни ноқонуний тарзда мамлакатдан олиб чиқишга уринганликда гумон қилинмоқда. Идора матбуот хизмати ушбу шахсларни “Хитой жосуслари” деб атамоқда.
“Қўлга олинганлардан бири Киевдаги техник олийгоҳлардан бирининг 24 ёшли собиқ талабаси. У 2023 йилда академик қарздорлик туфайли ўқишдан четлатилгач, Киевда қолган”, дейилади хабарда.
Жиноят ишига доир материалларга кўра, у “Нептун” ракеталарини ишлаб чиқариш бўйича техник ҳужжатларни қўлга киритиши, шунингдек, ушбу лойиҳалар билан боғлиқ бўлган украиналик фуқарони ёллаши керак бўлган.
Иш бўйича яна бир шахс – йигитнинг Хитойда доимий яшовчи отаси ҳисобланади. УХХ маълумотларига кўра, у вақти-вақти билан Украинага бориб, ўғлининг агентлик фаолиятини шахсан мувофиқлаштириб турган.
Қидирув вақтида ҳар иккала гумондордан телефонлар мусодара қилинган. УХХнинг билдиришича, уларда шахсларнинг айбдорлигини исботловчи ёзишмалар аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Россиядаги илмий фаолият устидан назоратни кучайтириб, олимлар орасидан “Хитой жосуслари”ни қидираётгани хабар қилинган эди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь