Курс UZS

USD

12 909.19

-20.18

EUR

13 935.47

-28.25

RUB

153.30

0.43

Украинада қандай ноёб минерал ресурслар бор ва улар Трампга нима учун керак?

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг жорий йилнинг 28 февраль куни Вашингтонга ташрифи чоғида АҚШ ва Украина ўртасида “ноёб ер металлари ва бошқа нарсалар бўйича” келишув имзоланишини айтган эди. Бу келишув сўнгги ҳафталарнинг асосий мавзуси бўлганди. Негаки бусиз Трамп урушда Киевни қўллаб-қувватлашдан бош тортади.

Украинада ноёб тупроқ ва муҳим фойдали қазилмаларнинг улкан конлари мавжуд, аммо уларнинг аксарияти Россия қўшинлари назорати остидаги ҳудудларда жойлашган. Трампга кўра, Украина бу ресурсларни АҚШга бериши керак, шундагина мамлакат раҳбарияти Россияга қарши урушда уни қўллаб-қувватлашда давом этади.

“Мен [Украинага] 500 миллиард доллар эквивалентидаги нодир тупроқ металларини олишни хоҳлаётганимни айтдим ва улар бунга рози бўлди”, деган эди Трамп шу йилнинг 10 февраль куни “Fox News”га берган интервьюсида.

Владимир Зеленский бунга жавобан суҳбатни “жиддий эмас” деб атади ва “мамлакатни сота олмаслигини” қўшимча қилди. Бир неча ҳафта давомида АҚШнинг Киевга нисбатан “қаттиққўл риторикаси”дан сўнг унинг позицияси ўзгара бошлади.

26 февраль куни мумкин бўлган келишувга изоҳ берар экан, Зеленский ўзи учун асосий масала АҚШ ёрдамини давом эттириш эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, фойдали қазилмаларни қазиб олиш бўйича дастлабки келишув “фақат бошланиши, пойдевори ва бу катта муваффақият бўлиши мумкин”.

Трампнинг таклифи Украинада жойлашган минерал ресурслар АҚШ учун қанчалик муҳимлигини кўрсатади. Лекин улар нима учун керак ва расмий Вашингтон нимани таклиф қилиши мумкин?

Украинада қандай минераллар бор?

Украина Европа Иттифоқи томонидан “муҳим хомашё” деб таърифланган 30 та моддадан 21 тасини ўз ичига олади, бу дунё захираларининг тахминан 5 фоизини ташкил қилади.

Ушбу элементларнинг конлари топилган кўплаб ҳудудлар Украина кристалл массивининг жанубида, асосан Азов денгизи остида жойлашган. Ушбу ҳудудларнинг аксарияти ҳозирда Россия томонидан ишғол қилинган, аммо Украина ҳали ҳам Ўрта Побужжя минтақасида, шунингдек, Киев, Винница ва Житомир вилоятларида истиқболли лойиҳаларга эга.

Мутахассисларнинг фикрича, Украина ҳудудида бир неча юзлаб истиқболли геологик объектлар аниқланганига қарамай, агар уларни ўзлаштириш иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ деб топилса, улардан фақат бир қисмигина конларга айланиши мумкин.

“Эълон қилинган баҳолашлар ҳозирча жуда тахминий. Бу конлар ҳақиқий иқтисодий захиралар эканини исботлаш учун ҳали жуда катта иш қилиш керак”, деган Benchmark Mineral Intelligence ташкилотининг аккумуляторлар учун хомашё бўйича бўлим раҳбари Адам Вебб.


Украинадаги бошқа муҳим фойдали қазилмалар ҳақида гап кетганда, ”Forbes” маълумотларига кўра, уларнинг 70 фоизи Донецк, Днепропетровс ва Луганск вилоятларида жойлашган. Шундай қилиб, ҳозир конларнинг кўп қисми Россия томонидан босиб олинган ҳудудларда қолмоқда.

Нодир ерости минералларидан ташқари, Украинада литий захиралари ҳам мавжуд. Украина ҳукумати маълумотларига кўра, мамлакатдаги литий захиралари тахминан 450 минг тоннани ташкил этади.

Ҳозирча Украинада литий қазиб олиш ишлари бошланмаган, аммо келажакда бу жараённи йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Айни пайтда Россия камида икки литий конини назорат қилмоқда: Донецк вилоятидаги Шевченковске ва Бердянск туманидаги “Крутая Балка” конлари.

Кировоград вилоятида жойлашган литий конлари эса ҳозирча Украина назорати остида қолмоқда. 

Нима учун Трампга бу минераллар керак?

Қўшма Штатларнинг ноёб тупроқ металлари ва эҳтимол муҳим минералларни ишлаб чиқаришни назорат қилишдан манфаатдорлиги асосан Хитойга қарши рақобат билан боғлиқ.

Сўнгги бир неча ўн йилликларда Хитой ноёб ер минералларини қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича етакчига айланди. У жаҳон ишлаб чиқаришининг 60-70 фоизини ва қайта ишлаш қувватларининг деярли 90 фоизини ташкил қилади.

АҚШнинг бу масалада Хитойга қарамлиги Трамп маъмуриятини ҳам миллий хавфсизлик, ҳам иқтисодий нуқтаи назардан хавотирга солиши мумкин. Ахир, бу материаллар мураккаб технологияларни яратиш учун зарур – электромобиллардан тортиб ҳарбий техникагача.

Трампнинг “парадокси”

Трамп қайта тикланадиган энергия сиёсатидан воз кечиб, қазиб олинадиган ёқилғи ишлаб чиқаришни кенгайтиришни буюрди. Шу билан бирга, у қаердан бўлмасин, муҳим минералларни – тоза энергияга ўтишнинг калитини олишни хоҳлайди.

Навоийдаги 31 та кон хитойликларга сотилдими? north_east

Навоийдаги 31 та кон хитойликларга сотилдими?

Бироқ, бу минераллар, шунингдек, маиший электроника, ҳарбий ва навигация ускуналари ва энг муҳими, сунъий интеллект маълумотлар марказлари учун қурилиш блоклари ҳисобланади.

Аввалроқ Трамп мамлакатда сунъий интеллект инфратузилмаси кенгайганини маълум қилганди. Бунинг учун муҳим фойдали қазилмаларнинг – асосан мис, кремний, палладий ва ноёб ер элементларининг катта захиралари талаб қилинади. Ва муҳим минералларни етказиб бериш аллақачон пасайишни бошлади ва бу глобал тоза энергия ўсишининг секинлашувининг асосий сабабига айланди.

Қайта тикланадиган энергия агентлиги маълумотларига кўра, Хитой ўнлаб йиллар давомида қайта ишлаш технологияси ва тажрибасини такомиллаштирган ҳолда, ҳозирда табиий графит ва диспросий захираларининг 100 фоизини, кобальтнинг 70 фоизини ва қайта ишланган литий ва марганецнинг деярли 60 фоизини назорат қилади.

Пекин, шунингдек, Африка, Осиё ва Жанубий Америкадаги йирик конларга эгалик қилиб, бутун дунё бўйлаб асосий металлар устидан қаттиқ назоратни қўллаб-қувватлайди.

“Хитойнинг глобал етказиб бериш занжирига нисбатан ўсиб бораётган таъсирига қарши туриш учун АҚШ критик муҳим ва стратегик минераллар занжирини таъминлаши керак”, деган эди Байден маъмурияти пайтида Вакиллар палатаси Қуролли кучлар қўмитаси.

Нашрга кўра, Трамп маъмурияти Украина ва Гренландияни ўз таъминот занжирини тўлдиришда инновацион усуллардан фойдаланиш мумкин бўлган ҳудудлар сифатида кўрмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина ноёб ер минераллари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг