Украина “Яндекс”нинг маълумотлар марказига зарба берди (видео)

Олам

−

image

Украина Россиянинг Рязань вилоятидаги “Яндекс” компаниясига тегишли маълумотлар марказига дронлар билан зарба берди. Ҳужум оқибатида ёнғин чиқиб, марказ фаолияти тўлиқ тўхтатилди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.

Қайд этилишича, Рязан вилоятининг Сасово шаҳридаги “Саста” ускунасозлик заводи ҳудудида ёнғин юзага келган. Завод ҳудудида “Яндекс”нинг маълумотлар марказларидан бири жойлашган. Нашр гувоҳлар олган фото ва видеоларни таҳлил қилиб, ёнғин айнан шу ҳудудда чиққанини аниқлаган.

Украинанинг мониторинг Telegram-каналлари ёнғин Украина дронлари ҳужумидан кейин бошланганини даъво қилган. Россия Мудофаа вазирлиги эса бугун, 8 октябрга ўтар кечаси Украина дронлари уриб туширилган ҳудудлар қаторида Рязань вилоятини ҳам қайд этган.

“Яндекс” компанияси ҳам Сасоводаги маълумотлар марказига Украина дронлари ҳужум қилганини тасдиқлаган. Компания маълумотларига кўра, зарба оқибатида инфратузилманинг бир қисми зарар кўрган, ёнғин чиққан ва марказ фаолияти тўлиқ тўхтатилган.

“Ҳозирда ҳудуддаги вазият назорат остида, жабрланганлар йўқ. Жамоа ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ва зарар кўрган хизматлар фаолиятини тиклаш устида ишламоқда”, дейилади компания баёнотида.

Ҳужумдан сўнг Россиянинг айрим сайтлари ҳам ишламай қолган. “Дождь” нашрининг ёзишича, улар орасида автоматик пост жойлаштириш платформаси “Postmypost” ҳамда “Комсомольская правда” нашрининг Рязан вилоятидаги минтақавий сайти бор.

Маълумотларга кўра, “Яндекс”нинг Сасоводаги маълумотлар маркази 2014 йилда ишга туширилган. У “Саста” заводининг аввалги биноларининг бир қисмида жойлашган. Мазкур корхона қувур кесиш станокларини ишлаб чиқаради ва маҳсулотларини Россиядаги машинасозлик корхоналарига ҳамда хорижга етказиб беради.

Эслатиб ўтамиз, Украинада Россиянинг оммавий ракета ва дрон ҳужумлари оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлиб, яна 100 га яқин одам жароҳатланди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг