Украина Россиянинг мудофаа заводига зарба берди (видео)

Олам

image

Украина мамлакатда ишлаб чиқарилган “Фламинго” ракеталари билан Россиянинг Волгоград вилоятида жойлашган артиллерия тизимлари ва ракета учириш мажмуалари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи заводига зарба берди. Бу ҳақда мамлакат Президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Зеленскийнинг билдиришича, тунги ҳужум оқибатида “Титан-Баррикады” заводи ҳудудида ёнғин чиққан. Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) ҳам ўз дронлари Россиянинг Владимир вилоятидаги “Второво” нефть ҳайдаш станциясига шу ой ичида иккинчи марта ҳужум қилганини маълум қилган.

УХХ маълумотига кўра, мазкур станция нефть маҳсулотларини Россия ички бозорига етказиб бериш ва экспорт қилишда фойдаланиладиган муҳим логистика марказларидан бири ҳисобланади.

“Украинанинг узоқ масофали “санкциялари” қамрови кенгайиб бормоқда. Айнан бизнинг ҳар кунлик босимимиз охир-оқибат муносиб тинчлик учун замин яратади”, деган Зеленский Россия ҳудуди ичкарисига берилаётган зарбаларга ишора қилиб.

Маълумотларга кўра, сўнгги ойларда Украина Россиянинг нефть инфратузилмаси ва қурол-яроғ ишлаб чиқариш объектларига ўрта ва узоқ масофали дронлар билан ҳужумларни кучайтирган. Киев бу ҳаракатларни Россиянинг Киев ва бошқа шаҳарларга амалга ошираётган кенг кўламли ракета ва дрон ҳужумларига жавоб сифатида изоҳламоқда.

Зеленскийнинг айтишича, ўтган ҳафта давомида Россия Украинанинг 15 вилоятига қарийб 1400 та дрон ва 19 та ракета учирган. Ҳаво мудофаа тизимларини етказиб бериш ҳамда иттифоқчилар билан дронлар соҳасидаги ҳамкорлик Киев учун устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг кеча, 26 июнь куни амалга оширган дрон ҳужумлари оқибатида Украинанинг Днепропетровск ва Суми вилоятларида камида уч киши ҳалок бўлганди, яна бир неча киши жароҳат олган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг