Украина Россияга қарши махфий режа тайёрламоқда – ОАВ
Олам
−
14:54 2987 2 дақиқа
Украина ва Европа Россия келажакда тузилиши мумкин бўлган сулҳни бузган тақдирда қандай чоралар кўрилишини белгиловчи аниқ режа ишлаб чиққан. Унда ҳарбий куч қўллаш муддати ҳам кўзда тутилган. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, ҳарбий режа Украина томонидан Ғарбдаги ҳамкорлар билан аллақачон келишиб олинган. Бироқ, ҳозирча бу борада расмий тасдиқ йўқ, фақат газета манбаларининг ички маълумотлари мавжуд.
Режага кўра, Россия томонидан сулҳнинг ҳар қандай бузилишига 24 соат ичида жавоб қайтарилиши керак. Биринчи босқичда дипломатик огоҳлантириш назарда тутилган бўлиб, зарурат туғилса, ундан кейин Украина армиясининг аралашуви амалга оширилади.
Агар жанговар ҳаракатлар давом этса, иккинчи босқичда Европа Иттифоқининг кўплаб давлатлари, Буюк Британия ва Туркияни ўз ичига олган “кўнгиллилар коалицияси” деб аталувчи тузилма ишга тушиши керак.
Россиянинг ҳужуми кенгайган тақдирда эса, биринчи бузилишдан кейин 72 соатдан кечиктирмай АҚШ Қуролли кучлари иштирокида мувофиқлаштирилган жавоб чоралари кўрилиши режалаштирилган.
Хабарга кўра, ушбу кўп босқичли режа декабрь ва январь ойларида Украина, Европа ва АҚШ вакиллари томонидан бир неча бор муҳокама қилинган.
Бунгача Оқ уй раҳбари Дональд Трамп журналистлар саволларига жавоб берар экан, Украинадаги можарони тартибга солиш масалаларида ишлар жуда яхши кетаётганини айтган. Украина бўйича уч томонлама музокараларнинг навбатдаги раунди жорий йилнинг 4-5 февраль кунлари бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия дронлари Украинанинг Павлоград туманидаги энергетика корхонаси ходимларини олиб кетаётган автобусга зарба бергани, оқибатда 12 нафар ходим ҳалок бўлгани ва яна 16 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси