Урушда Украинага АҚШ ва Европанинг миллиардлари нега ёрдам бермаяпти?

Таҳлил

image

2022 йилнинг февраль ойида бошланган Россия-Украина уруши ҳали-ҳануз дунёнинг глобал муаммоларидан бири бўлиб турибди. Мазкур мавзу бугунги кунга қадар ўтказилган кўплаб халқаро даражадаги конференция, саммит ва йиғилишларда муҳокамалар марказида бўлгани, жаҳон ҳамжамияти томонларни бир неча бор яраштириб қўйишга ҳаракат қилганига қарамай, на Россия ва на Украина ҳозиргача музокаралар столига ўтиргани йўқ.

Вашингтон ва Кремль экспертларига кўра, Украина пойтахти Киевни 3 кун ичида босиб олишни режа қилган Россия армияси ҳам мана бир ярим йилдирки ўз мақсадига эриша олгани йўқ.

Бундан ташқари, июнь ойида Украина Қуролли Кучлари бошлаган қарши ҳужум ҳам кутилган натижаларни бермаяпти. Хўш бунга сабаб нима? Ҳарбий ҳаракатлар қандай йўсинда давом этмоқда?

АҚШ ва Европа давлатлари томонидан муттасил бериб борилаётган молиявий ва ҳарбий ёрдамлар нима учун урушда Украинанинг қўли баланд келишига олиб келмаяпти? QALAMPIR.UZ’нинг қуйидаги таҳлилида ушбу саволларга жавоб бор.

Жамоатчилик Украина муаммосига бепарволик қилишни бошлади

Сўнгги саммитлар кўрсатмоқдаки, Украина масаласига жамоатчилик бепарво бўлишни бошламоқда. Масалан, иқтисодиёти энг ривожланган ва ривожланаётган 20 та мамлакат ҳукуматлари ва марказий банклари раҳбарларидан иборат энг йирик G20 клубининг Индонезиядаги саммитида мазкур уруш “Россия агрессияси” деб аталган эди. Аммо шу йилнинг 9-10 сентябрь кунлари Ҳиндистоннинг Нью-Деҳлидаги саммитида эса бу шунчаки “Украинадаги уруш” деб номланди, холос. Шунингдек, бу мавзуга кўп тўхталиб ўтирилмади.

Шунингдек, Франция Президенти Эммануель Макрон ҳам саммитда Украина муаммосига эмас, асосан глобал очлик муаммосига эътибор қаратишни таъкидлаганди.

Украинанинг июнь ойи охирида бошланган қарши ҳужуми Россия армиясини етарли даражада ортга силжита олмади. Америка Урушни Ўрганиш институтининг ёзишича, 4 июндан бери украинлар бор йўғи 108 км2 ҳудудни озод қилган.

Қолаверса, АҚШ Президенти Жо Байден ҳам 2024 йилги сайлов яқинлаша бошлаган сари Украинага ёрдам жўнатишда таваккал қилишни истамаяпти ва берилаётган ёрдам ҳажмини оширмоқчи эмас. The WIRE нашрининг ёзишича, АҚШда жамоатчилик Украина қарши ҳужумининг секинлигидан норозилик билдира бошлагани сабаб ҳам АҚШ бу муаммога кўз юмиши мумкин.

Украинанинг Севастопольга ҳужумлари

Украина ва Россия ўртасидаги яна бир талаш ҳудуд Севастополь ҳисобланади. Россиядан Украинага ҳаво орқали ҳужумлар фонида Украина армиясининг Қрим яриморолидаги Кремль назоратида бўлган Севастополга ҳужумлар уюштириши табиий. Чунки шаҳар ҳудудида қадимдан руслар ва украинлар биргаликда яшаб келади ва шаҳар яриморолда катта стратегик аҳамиятга ҳам эга. Чунки Севастополь Қримдаги энг катта шаҳар ва Қора денгиздаги йирик портлардан бири ҳамдир. Украина бу шаҳарни қўлга киритса, Қрим яримороли Россия таъминотидан узилиб қолиши мумкин. 

Сўнгги кунларда эса Украина армияси шаҳарга ҳужумларни кучайтирди. 13 сентябрь куни шаҳарда Украинанинг уруш бошлангандан кейинги энг катта ракета ҳужуми содир бўлди. Бунинг натижасида эса 24 киши яраланди ва иккита кема шикастланди. Расман Украина томони тасдиқламаган бўлса ҳам, жамоатчиликнинг фикрича, Киев ҳужум вақтида Буюк Британияда ишлаб чиқарилган Storm Shadow ракеталаридан фойдаланган.

“Суровикин чизиғи”
 
Украина шарқида ва жанубида “Суровикин чизиғи” деган ҳимоя истеҳкомлари тизими мавжуд. Ушбу истеҳкомлар ўзаро бир-бирига боғланган тарзда қурилган. У Қримдан бошланади ва Запорожьенинг Токмак шаҳригача давом этади. Ушбу чизиқ Пригожиннинг Москвага юришидан кейин давлат ишларидан четлатилиши бошланган генерал Сергей Суровикин номига қўйилган. Бу истеҳкомлар тармоғи 2022 йил ёзида Харковнинг шимолий шарқида Украинанинг қарши ҳужумига реакция билдириш мақсадида ташкил қилинган эди. 

Америка Урушни ўрганиш институти (ISW) тадқиқот маркази томонидан нашр этилган “Суровикин чизиғи”нинг графиги унинг қанчалик мураккаб ва интерактив эканлигини очиб беради.

“Суровикин чизиғи” учта қатламдан иборат. Линиянинг биринчи қатлами танклар, пиёдалар жанговар машиналар ва бошқа оғир зирҳли техникаларнинг олдинга силжишини олдини олиш учун қурилган хандақлардан иборат. Иккинчи қатламнинг асосий қисмини машиналардан ҳимоя қилиш учун қурилган бетон тўсиқлари ташкил қилади ва улар “аждар тишлари” деб аталади. Учинчи қатламда эса асосан аскарлар жойлаштирилган. Уларнинг вазифаси ариқларни ва “аждарҳо тишлари”ни жанговар позициялардан  туриб назорат қилишдан иборат. ISW эксперти Барроснинг айтишича, ҳар бир қатлам орасига миналар жойлаштирилган бўлиши мумкин.

“Суровикин чизиғи” Украинанинг қарши ҳужумини қайтаришда Россия учун муҳим аҳамият касб этиб турибди. Сентябрь ойида Украина чизиқнинг шарқи ва жанубига бир нечта ҳужумлар уюштирди. Бироқ рус армияси ушбу ҳужумларни қайтара олишга муваффақ бўлди.

Урушдаги қурбонлар

18 ойдан бери давом этиб келаётган урушда ҳалок бўлганлар ҳақида аниқ рақамлар йўқ. Чунончи, Украина ҳукуматининг 2023 йил 17 январдаги маълумотларига кўра, ҳар икки томондан 16 минг тинч аҳоли қурбон берилган. БМТ манбаларида эса, 2023 йил 10 сентябр ҳолати бўйича, бу миқдор 17 минг кишини ташкил қилмоқда. АҚШ томони эса 42 минг тинч аҳоли вакили уруш натижасида ҳалок бўлганини хабар беряпти.

Ҳалок бўлган Украина кучлари сонини АҚШ ҳукумати сўнгги ҳисоботида 70 минг нафар деб ҳисоблаган. Россия қўшинида эса 120 минг одам ҳалок  бўлган бўлиши мумкин. Шунингдек, BBС рус хизмати ҳисоб китобларига кўра, Россия армиясида уруш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 80 минг кишини ташкил қилади.

The New York Times нашри томонидан эълон қилинган рақамлар эса барчасидан кўпроқ. 

Нашрнинг АҚШ расмийларига таяниб келтирган статистикасига кўра,   Россия қўшинлари бостириб кириши оқибатида Украина ва Россиянинг 500 мингга яқин ҳарбийси ҳалок бўлган ёки жароҳат олган.

“Расмийларнинг огоҳлантиришича, қурбонлар сонини тахмин қилиш қийинлигича қолмоқда, чунки Москва урушда ҳалок бўлганлар ва яраланганларни мунтазам равишда кам ҳисоблайди ва Киев расмий рақамларни ошкор этмайди. Аммо уларнинг айтишича, бу йил Украина шарқида қирғин кучайган ва деярли уч ойдан бери қарши ҳужум давом этмоқда”, деган The New York Times.

АҚШдаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) маълумотларига кўра, Россия Украинадаги можарода Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги урушларданда кўп йўқотишга учраган. Марказ экспертларининг таъкидлашича, рус армияси ҳар ой ўртача 5000 аскаридан айрилмоқда. Украинадаги можаронинг биринчи йилидаги ўртача бир ойлик россияликларнинг ўлим кўрсаткичи Чеченистондаги можародан 25 баравар ва Совет Иттифоқининг Афғонистондаги урушидан камида 35 баравар кўп бўлган.

Кимлар қайси томонда?

Россия-Украина можароси бошқа можаролардек минтақанинг ўзидагина қолиб кетмади. У бутун дунёни иккига бўлмоқда ва ҳеч бир ҳукуматни беэътибор қўймаяпти.

Шунга қарамай, бошқа глобал можаролардан фарқли равишда бу урушда медиатор позициясидаги давлатлар анча кўп. Хитой, Ҳиндистон, Туркия каби ҳам Россия, ҳам Украина билан ҳамкорлик алоқалари олиб борувчи давлатлар ўз тинчлик формулаларини иккала давлатга ҳам таклиф қилишмоқда. Айниқса Туркия конфликтдаги нейтрал позициясини “Дон йўлаги”га ўхшаш ташаббуслар билан ҳам амалий исботлаб келяпти.

Россиянинг Украинада бошлаган ҳарбий ҳаракатлари этник характерга эга эканлигини ҳам инобатга олиш лозим. Шу сабабдан ҳам Путин раҳбариятининг энг катта стратегик ҳамкорларидан бири бўлган Беларусь можарода Россия манфаатларини ҳимоя қилмоқда. Баъзи журналистик суриштирувларга кўра, Россия Украинага Беларусь ҳудуди орқали ҳужумлар уюштирган бўлиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, Эрон Ислом Республикаси Россияга мунтазам равишда “Шаҳид” дронларини етказиб беради. Бир нечта манбаларнинг айтишича, Корея Халқ Демократик Республикаси ҳам Россиянинг яширин қурол-яроғ таъминотчиларидан бири ҳисобланади.

Масалан, яқинда – 13 сентябрь куни КХДР раҳбари Ким Чен Ин Россияга ташриф буюрган эди. Ғарб давлатлари тахминларига кўра, Шимолий Корея Россияга Украина билан урушда фойдаланиши учун қуроллар етказиб бериши мумкин. Россия эса бунга жавобан озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда КХДРнинг космик лойиҳалари бўйича кўмак беради.

АҚШ Ким Чен Ин ҳали Путин билан учрашмасданоқ Пхеньянни Россияга қурол сотиш оқибатларидан огоҳлантирган ва БМТ Хавфсизлик Кенгашида унга қарши санкцияларни кучайтиришини айтган эди. 

Шунингдек, урушда Россияни қўллаб-қувватлаётган бошқа давлатлар ҳам АҚШ ва Европа Иттифоқининг санкцияларига дучор бўлмоқда.

Путин эса кўплаб муаммоларга айбдор, дея Ғарб давлатларининг ўзини даъво қилиб келади. Чунки мазкур давлатлар уруш бошланганидан бери Украинани молиявий таъминлаб келяпти. Франция, Германия, Буюк Британия, Италия, Испания, Чехия, Польша каби бошқа кўплаб Европа давлатлари кенг миқёсда (танклар, миномётлар, пулемётлар ва самолётлар) Украинага ҳарбий ёрдам бериб келаётган бўлса, АҚШ тахминан 75 миллиард доллар маблағни Киевнинг Россиядан ҳимояланиши учун берди.

Аросатда қолган Марказий Осиё

Уруш аввалида Россия томонида бўлиши кутилган Марказий Осиё мамлакатлари ҳозиргача ўзининг нейтрал позициясини сақлаб келмоқда ва Украинанинг “ҳудудий яхлитлиги” ва “суверенитети”ни тан олишини билдирган. Масалан, Ўзбекистон айни пайтда Кремль назоратига ўтган Луганск ва Донецк республикалари, Запорожье ва Херсон вилоятларини Россиянинг бир қисми сифатида тан олгани йўқ ҳамда Украинадан гуманитар ёрдамларини имкон қадар аямаяпти. 

Жумладан, 19 август санасида Ўзбекистон томонидан Украинага жами 785 844 гривнага (тахминан 21 282 доллар) қишки пойабзал , спорт, болалар ва аёллар кийимлари юборилган. Шунингдек, умумий қиймати 157минг 771 гривна (тахминан 4 273 доллар) бўлган тиббий шприцлар, тиббий пахта ва инфузион тизимлар жўнатилган.

Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси эса гуманитар акция иштирокчиларига самимий миннатдорлик билдирган.

Шу билан бирга Ўзбекистон ҳам, бошқа МО давлатлари ҳам Россия билан иқтисодий алоқаларини давом эттирмоқда. 

Авазбек Мўйдинов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия-Украина уруши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг