Украина Мўғулистонни Путинни ҳибсга олишга чақирди

Олам

image

Украина ҳукумати Мўғулистонни Россия Президенти Владимир Путинни Халқаро жиноий суд буйруғи билан ҳибсга олишга чақирди. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

“Владимир Путиннинг Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурелсух таклифига биноан Мўғулистонга режалаштирилган ташрифи ҳақидаги маълумотлар билан боғлиқ ҳолда биз қуйидагиларни билдирамиз: биз Мўғулистон ҳукуматини мажбурий халқаро ҳибсга олиш ордерини бажаришга ва Путинни Гаага Халқаро жиноий судига топширишга чақирамиз”, дейилади баёнотда.

Аввалроқ Кремль Путиннинг Мўғулистонга бўлажак сафаридан хавотирда эмаслигини маълум қилганди. Давлат раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Кремль Мўғулистон билан ажойиб мулоқот олиб бормоқда.

Вазиятдан хабардор бўлган “Bloomberg” манбалари Мўғулистон расмийлари Гаага суди томонидан ҳарбий жиноятлар учун қидирувга берилган Путин 2019 йилдан бери илк бор ташриф буюрадиган мамлакатда ҳибсга олинмаслигига кафолат берганини тасдиқлаган. Кремлнинг собиқ сиёсий маслаҳатчиси Станислав Белковскийнинг агентликка айтишича, Путин Мўғулистонга Хитой кафолати остида кетмоқда.

“Мўғулистон АҚШ билан қарама-қаршиликка киришни истамаса ҳам, Хитойга қарши чиқмайди”, деган у.

Владимир Путин 3 сентябрь куни расмий ташриф билан Мўғулистонга боради ва у ерда Совет ва Мўғул қўшинларининг Халхин-Гол дарёсида япон қўшинлари устидан қозонилган қўшма ғалабасининг 85 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этади. Кремль матбуот хизмати хабарига кўра, Россия Президенти, шунингдек, мўғулистонлик мавқедоши Ухнаагийн Хурэлсух билан “Россия-Мўғулистон муносабатларини кенг қамровли стратегик шериклик асосида ривожлантириш” масалаларини муҳокама қилмоқчи ва Мўғулистон парламенти раиси Дашзегвиин Амарбаясгалан билан учрашувлар ўтказмоқчи.

Маълумот учун, Мўғулистон 2002 йилда ХЖС фаолият кўрсатувчи асосий ҳужжат бўлмиш Рим статутини ратификация қилди ва 2023 йилда мамлакат вакили икки йиллик муддатга Халқаро жиноий суд судьяси этиб сайланди. Бугунги кунга келиб, Халқаро жиноий суд иш юритувчи Рим статутини 137 давлат, жумладан, Украина ҳам имзолаган. Шу билан бирга, ушбу ҳужжатни ратификация қилган давлатлар сони 124 тани ташкил этади. Рим статутининг ратификация қилиниши Халқаро жиноий суднинг юрисдикциясини тан олиш ва унинг ҳукмларини мажбурий ижро этишни назарда тутади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Халқаро жиноий суд фаолияти асоси бўлган Рим статутини ратификация қилувчи қонунни имзолаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Мўғулистон Халқаро жиноий суд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made