Украина Курскда КХДРнинг биринчи аскарини асирга олди
Олам
−
28 Декабрь
8405Украина Махсус операция қўшинлари Россия томонида жанг қилган биринчи Шимолий Корея аскарини қўлга олди. Бу ҳақда Жанубий Корея Миллий разведка хизматига таяниб, “Yonhap” хабар берди.
“Дўст давлатнинг разведка ташкилоти билан реал вақт режимида маълумот алмашиш орқали Украина Шимолий Кореянинг ярадор аскарини қўлга олганини тасдиқладик ва кейинги жараёнларни синчиклаб ўрганишни режалаштирмоқдамиз”, дейилган Миллий разведка хизматининг қисқача баёнотида.
Шу билан бирга, Сеулдаги AFP манбасига кўра, Жанубий Корея разведкаси ҳарбий шахснинг айнан қаерда қўлга олингани ҳақида ҳозирча маълумотга эга эмас. Украинага қарашли “Militarny” нашрининг ёзишига қараганда асирга олиш Курск вилоятида содир бўлган. Расмий равишда Украина ҳукумати ва Қуролли кучлари бу маълумотга ҳозирча изоҳ бермади.
Бундан олдин Украина Қуролли кучлари аскарларига ҳужжатлар билан камида битта Шимолий Корея аскарини қўлга олиш буйруғи берилган эди. Бунинг учун ҳарбийларга мукофотлар, жумладан, қўшимча таътил ваъда қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Россия аскарлари ўлган шимолий кореяликларнинг юзларини ёқиб юбораётганини айтган эди. У кореяликларнинг Россия раҳбари Владимир Путин учун жанг қилиши ва ўлишига ҳеч қандай сабаб йўқлигини таъкидлаб, ўлимдан кейин ҳам улар ҳеч нарсага эришмаслигини эслатди. Зеленский ҳалок бўлган КХДР аскарларининг ёқиб юборилишини “Россияда ҳукм сураётган ҳурматсизлик, инсонийликка, ҳамма нарсага ҳурматсизлик намойиши” деб атаганди.
LiveБарчаси