Украина қарши ҳужумининг асосий йўналиши қайси ҳудуд бўлиши айтилди
Олам
−
27 Июль 2023
6482Украина Қуролли Кучлари асосий ҳужумни мамлакат жануби-шарқидаги Запорожье вилоятига қарама-қарши нуқтага қаратди. Бу ҳақда “The New York Times” газетасига Пентагондаги икки манба хабар берди.
Келтирилишича, ҳозир бу йўналишда Ғарбда ўқитилиб, жиҳозланган ва ҳали ҳам захирада бўлган Украина бўлинмалари жалб этилган.
“Украина расмийлари Америка Қўшма Штатларига мамлакатнинг Қуролли Кучлари кенгайтирилган қўшинлари Россиянинг мина майдонлари ва бошқа истеҳкомлари орқали жанубга, Токмак шаҳрига, агар муваффақиятли бўлса, Мелитополга қараб ҳаракатланаётгани ҳақида маълум қилди”, дейилади газета хабарида.
Украина ҳарбийларининг мақсади Украина жанубидаги Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни аннекция қилинган Қрим билан боғловчи қуруқлик йўлагини кесиб ташлаш.
“Қуролли Кучлар операцияси муваффақиятли бўлса, бир ҳафтадан уч ҳафтагача давом этиши мумкин”, дейди Украина расмийлари Вашингтонга.
Шунингдек, Украина Қуролли Кучлари Бош штаби спикери Андрей Ковалёв бугун, 27 июль куни эрталаб Украина ҳарбийлари Старомаёрский ҳудудида жанубий фронтда муваффақият қозониб, эришилган марраларда мустаҳкам ўрнашиб бораётганини айтган.
Унинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучларининг ҳужуми Бахмутнинг шимоли ва жанубида давом этмоқда.
“Bloomberg” таҳлилчиларга таяниб, Украина Қуролли кучларининг Запорожье вилоятининг жануби-ғарбидаги ҳужуми Украина армияси Россиянинг мудофаа позицияларини ёриб ўтишга муваффақ бўлганидан далолат беради.
LiveБарчаси