Украина қарши ҳужумга 40 минг жангчини тайёрламоқда. Улар орасида аёллар ҳам бор
Олам
−
06 Апрель 2023
8388Украина қарши ҳужум учун жами 40 минг кишидан иборат саккизта янги бригадани тайёрлади. Бу ҳақда украиналик жангчилар ва уларнинг қўмондонларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Украина тайёрланаётган қарши ҳужумдан мақсад Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни озод қилишдир. Ҳарбий хизматга чақирилганлар ва уларнинг мураббийлари яқин ҳафталар ёки ойларда қарши ҳужум кутилаётганини айтган.
Янги бригадалар Украина Ички ишлар вазирлиги томонидан тузилган. “Пўлат чегара”, “Бўрон”, “Спартан”, “Червона Калина”, “Фронтиер”, “Фурй”, “Азов” ва “Карадаг” деб номланган бригадалар мунтазам армия билан биргаликда жанг қилади.
Ички ишлар вазири Игор Клименконинг айтишича, ёлланганлар орасида аёллар, ҳарбий тажрибага эга бўлмаганлар, собиқ полиция ва ҳарбий хизматчилар бор. Унга кўра, тажрибасиз фуқароларни ўқитиш тўрт ойгача, собиқ полиция ва ҳарбий хизматчиларга ўргатиш эса икки ойгача давом этади.
Маълумот учун, жорий йилнинг февраль ойида Украина Ички ишлар вазирлиги Ҳужум гвардияси учун ёлланганларни эълон қилган. Март ойи охирида эса Украина Миллий гвардияси вакиллари Ҳужум гвардиясига киришни хоҳловчилардан 35 мингдан ортиқ ариза келиб тушганини маълум қилган.
LiveБарчаси