Украина бўйича музокараларнинг илк куни якунланди
Олам
−
05 Февраль 4551 2 дақиқа
Кеча, 4 февраль куни БАА пойтахти Абу-Даби шаҳрида Украина, АҚШ ва Россия ўртасидаги уч томонлама музокараларнинг биринчи куни якунланди. Музокаралар 4 соатдан ортиқ давом этди. Ҳозирча учрашув натижалари бўйича расмий баёнот берилмади. Бу ҳақда BBC хабар қилди.
Учрашувда делегацияларга Украина томонидан Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустам Умаров , АҚШ томонидан Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва Россия томонидан Россия Қуролли Кучлари Бош разведка бошқармаси раҳбари Игорь Костюков раҳбарлик қилмоқда.
Украина делегацияси раҳбари Рустам Умаровнинг маълум қилишича, музокаралар уч томонлама форматда бошланган. Кейинги босқичда томонлар алоҳида гуруҳларда аниқ масалаларни муҳокама қилади ва сўнг позицияларни биргаликда мувофиқлаштириш режалаштирилган.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков музокаралар борасида ҳозирча ҳеч қандай баёнот берилмаслигини айтди. “Axios” нашри журналисти Барак Равид манбаларга таяниб хабар беришича, делегациялар бугун, 5 февраль куни эрталаб музокараларни давом эттиради.
Бу Абу-Дабида ўтказилаётган уч томонлама музокараларнинг иккинчиси ҳисобланади. Биринчи учрашув 23–24 январь кунлари бўлиб ўтган. Иккинчи босқич дастлаб 1 февралга режалаштирилган эди, аммо баъзи сабабларга кўра кечиктирилганди.
Музокаралар арафасида Россия Украинадаги энергетика инфратузилмасига янги зарбалар берди. Кучли совуқ об-ҳаво шароитида бу ҳужумлар кўплаб ҳудудларда иссиқлик таъминотининг узилишига олиб келди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 28 декабрь куни Трамп ва Зеленский АҚШда музокаралар ўтказган эди. Учрашув якунида томонлар Украинада ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича эҳтимолий келишув масаласида позициялар сезиларли даражада яқинлашганини маълум қилди. Шу билан бирга, улар тартибга солишнинг асосий параметрлари, энг аввало ҳудудий масала ва Донбасснинг келажаги ҳануз ечилмаганини тан олди.
Жамшидбек Амиров
Live
Барчаси