Украина АҚШдан Россияга қарши электрон урушда ёрдам сўради
Олам
−
22 Апрель 2021
5630Украина Америка Қўшма Штатларидан Россияга қарши курашиш учун электрон уруш ускуналарини сотиб олишда ёрдам сўради. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба “Reuters” агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Маълум қилинишича, вазир тегишли сўровни ўтган ҳафта АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашувда билдирганини таъкидлаган. Кулебага кўра, Киев “Россиянинг Украина алоқаларини тўсиш имкониятига қарши туриш” учун электрон урушга муҳтож.
Яқинда Киев ва Ғарб давлатлари Москванинг Украинадаги тажовузкор ҳаракатларидан хавотирда эканлигини билдиришди. Хусусан, Вашингтон “тажовуз” авж олгани ва Россия қўшинларининг Қрим ҳамда Украинанинг шарқий чегараларида ҳаракатланаётгани тўғрисида эълон қилди.
Кремль ушбу баёнотларга изоҳ бериб, Россия ўз ихтиёри билан ўз ҳудудида қўшинларни ҳаракатга келтираётганини таъкидлади. Россия Президент Матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, бу ҳеч кимга таҳдид солмайди.
Маълумот учун, Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Жозеп Боррел Россия Украина билан чегара ва аннексия қилинган Қримда ҳарбийлар сонини кўпайтириб бораётгани, ҳозирча бу ҳудудда 100 мингдан ортиқ ҳарбий жамлангани ҳақида айтиб ўтганди.
Эслатиб ўтамиз, 20 апрель куни Украина Президенти Владимир Зеленский Россия раҳбари Владимир Путинни Донбассга чақириб, учрашиш таклифини берди.
LiveБарчаси