Ўқувчининг ток уриб ўлиши ортидан жиноий иш қўзғатилди
3-саҳифа
−
30 Ноябрь 2023
5296Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманининг 99-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси вафот этиши ортидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
“Мирзо Улуғбек туманидаги умумтаълим мактабида содир бўлган ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 186 (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) ва 207 (Мансабга совуққонлик билан қараш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга киришилди”, дейди Бош прокуратура воизи.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 ноябрь куни соат тахминан 18:15 ларда, Мирзо Улуғбек тумани, 99-сонли умумтаълим мактаби 8-“I” синф ўқувчиси, Яшнобод тумани, Чилол ота кўчаси, 87-уйда яшовчи 2009 йилда туғилган Амирхон Асқар ўғли Акромхўжаев, шу мактаб ҳовлисида спорт майдонидан чиқиб кетаётган вақтида боши билан йиқилиб, оғзи кўпириб, бироз титраб сўнг хушидан кетган ва мактаб ходимлари томонидан зудлик билан тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилинган.
Орадан тахминан 15 дақиқа ўтганидан сўнг у тез тиббий ёрдам билан 15-сонли Республика Кардиология марказига олиб кетилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан Амирхон Акромхўжаев вафот этган.
Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, Амирхон Акромхўжаевнинг ўлими “Электр жароҳати, электр токи ёйидан заҳарланиш, ўткир нафас юрак-қон томир етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши, чап қўл кафт соҳаси электр тамғаси” натижасида юз берган.
LiveБарчаси