Ўқитувчиларни мажбуран ишлатганлар жиноий жавобгарликка тортилади
Жамият
−
02 Март 2023
3592Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга такроран жалб қилганлар жиноий жавобгарликка тортилади. Бу масала Сенатнинг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинди.
Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонунга мувофиқ энди педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун биринчи марта маъмурий жазо қўллаш, такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш белгиланмоқда.
“Таълим ташкилотининг педагог ходимини меҳнатга маъмурий тарзда қайта мажбурлаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан (45 млн сўм) икки юз бараваригача (60 млн) миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёҳуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик ва уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши назарда тутилмоқда”, дейди Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов.
Мазкур қонун Сенаторлар томонидан муҳокама қилиниб, педагогларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга ноқонуний жалб этиш ҳолатлари давом этаётгани, педагог ходимлар ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва масалаларни ҳал этиш учун тузилган кўплаб ишчи гуруҳлар таркибига асоссиз киритилаётгани, улардан турли ҳисобот ва маълумотлар талаб этиб келинаётгани қайд этилди.
“Бундан ташқари, таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш ёки қонунга хилоф равишда аралашиш, таълим ташкилоти педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Бунда Кодексдаги санкциялар фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланмоқда”, дейди Сенатор Одилжон Иминов.
LiveБарчаси