Йилнинг сўнгги қурбони ёхуд ўқитувчи – текин мардикор(ми?)
Таҳлил
−
09 Январь 12495 10 дақиқа
Улар эҳтимолий ёвузлик ва фалокатлардан ҳимоя қилишни ихтиёрий-мажбурий равишда зиммасига олишади. Улар ҳамма пулга қилинадиган таъмир ишларини ғирт текинга бажаришади. Улар ҳар куни соатлаб тик оёқда туриб ишлашади, ҳатто, баъзида улардан асосий вазифасини бажаришдан ташқари хўжалик ишларини ҳам “қотириб қўйиш” талаб қилинади. Дарахт оқлашга улар, девор бўяшга улар… Шунча ишни қилганидан кейин ота-оналардан гап эшитиб, калтак ейдиган ҳам ўшалар. Жуда жабрдийда қилиб кўрсатмайлик, oнда-сoнда болаларни уриб, муҳокама марказига чиқиб қоладиганлар ҳам улар. Гап қайси соҳа вакиллари ҳақида кетаётганини англаш учун соатлаб ўйлаш шарт эмас. Жамиятда обрўси оширилиши, маоши минг АҚШ долларигача етказилиши анчадан бери давлат сиёсати даражасида кўрилаётган ўқитувчилар ҳақида яна бир бор гапиришга мажбурмиз бугун.
Боласини кўтариб, мактабни қўриқлаган “посбонлар”
Ўтган йилнинг 31 декабрини айрим истисно қилинган ва асосий вазифаси шуни тақозо этадиган касб вакилларидан ташқари деярли ҳамма оила даврасида, дам олишда ёки зиёфатда, қўйингки, ҳордиқда ўтказди. Аммо Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги 37-мактаб ўқитувчилари қишки таътилда ҳам ишда эдилар. Педагог сифатида эмас, қўриқчи вазифасида.
Ижтимоий тармоқларда 37-мактаб директори томонидан имзоланган буйруққа асосан педагог ходимлар 25 декабрдан 6 январга қадар (13 кун давомида) тун-у кун навбатчиликка мажбурлангани ҳақида хабарлар тарқалди ва тасдиғини топди. Уларни бу ишга жалб қилиш эса қуйидагича изоҳланган: “мактаб ҳудудида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, муассаса жамоаси ҳамда ўқитувчиларнинг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш мақсадида”. Тарқалган эътирозли видеода аёл ўқитувчи ёш боласини қўлида кўтарган ҳолда навбатчилик қилаётгани акс этган.
“Мана, биз бугун навбатчиликдамиз. 31 декабрь, янги йил арафасида эски йилни кузатиб, янги йилни кутиб оламиз. Мухлиса қизи билан чиққанди, қизи ухлаб қолди. Навбатчилик қилгани ўтирибмиз, мана. Соат 12 да келганмиз, биздан олдингилар келдими ёки келмадими, билмайман. Энди бу қонунларимизда бормикан, билмадим”, — дейди видеодаги педагоглардан бири.
Вазият юзасидан билдирилган фикрларда педагоглар навбатчилик қилмаса, дарс соатлари олиб қўйилиши билан қўрқитилгани, шундан кейин аёл ўқитувчилар кундуз пайти, эркак ходимлар эса тунда “пост”га ўтишгани айтилди.
Шу жойида озгина мантиққа суянишни таклиф қиламиз. Фантазиянгизни қийнамоқчи эмасмиз, аммо бир тасаввур қилиб кўринг. Эҳтимолий хавф ва фалокатлар олдини олиш учун навбатчиликка қўйилаётган педагоглар ўқувчилари таътилда бўлган мактаб биносида хавфсизликни қандай таъминлаши мумкин? Кўз олдингизга келтиринг, ёвуз ниятли кимсалар турли совуқ қуроллар билан мактабга киришга уринмоқчи дейлик, мажбурликдан зиммасидан ташқари ишга ёш боласини кўтариб келишдан бошқа чора тополмаган аёл ва унинг шериги қандай ҳимояланади? Ахир унга “ўқитувчиларнинг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш” вазифаси қўйиляпти!
Мактабдаги ҳолат акс этган видео оммалашиб, муҳокамалар бошлангач, муаммога ечим берилди. Одатий тарзда! 6 январь куни вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг буйруғига асосан 37-мактаб директори вазифасини вақтинча бажарувчи шахс вазифасидан озод этилди.
“Ҳурматли ижтимоий тармоқ кузатувчилари ва фойдаланувчиларидан битта мактабдаги жараённи бутун тизимдаги ҳолат сифатида баҳоламасликларини сўраб қоламиз”, дейилади Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабарида.
Бошқарма директорни қурбон қилди
Энг қизиғи кейин бошланди. Фарғонада ўқитувчиларни тун-у кун навбатчиликка мажбурлаган топшириқ аслида вазирликдан берилгани маълум бўлди. Бундай кутилмаган очилиш айнан видеоси тарқалган водийдаги вазият сабаб эмас, Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг Термиз шаҳри ва барча туманлардаги таълим ташкилотларига юборилган хати ижтимоий тармоқларга сиздирилиши ортидан содир бўлди.
Аслида ўқитувчиларни қўриқчига айлантириш ғояси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигиники ҳам деб бўлмайди. Ҳатто, ундан ҳам каттароқ ташкилот буйруғи эканлиги айтилган. Бу ҳақида кейинроқ! Ҳозир расмий буйруқнинг мазмунига тўхталамиз. Унда ходимларга 25 декабрдан 5 январгача ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилотда 24 соатлик узлуксиз навбатчилик ташкил қилиш ва ҳудудий штаблар фаолиятини йўлга қўйиш кераклиги айтилган. Табиийки, бошқармалар ўзи бўйсунган тизим талабини туман-шаҳар бўлимларига, у ердан эса мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, яъни боғчаларга етказган. Демак, бундан келиб чиқадики, юқоридан келган буйруқни айтилганидек қилгани учун ишдан бўшатилган директор шунчаки қурбон бўлди.
Шу жойида Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг мажбурий меҳнатга буюрган мактаб директорлари ва мажбурий меҳнатга чиққан ўқитувчилар ҳақида айтган гапини эслаш мумкин. Ўтган йилнинг 27 август куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган “Устозлар миллий форуми” доирасида Турдимов қуйидагича фикр билдирган:
“Бирорта мактабда мажбурий меҳнат бўлса, автоматик тарзда директори ишдан олиниши керак. Шунингдек, мажбурий меҳнатга чиққан одамни ҳам ишдан олиш керак. Чунки уни мажбурлаб ишга чиқарган бўлса… “чиқ” деса, чиқиб кетаверса, у қандай ўқитувчи бўлади?!”
Бу муносабат анчагача турли муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Энди навбатчилик қаердан пайдо бўлганига қайтамиз. Оммага чиқиб кетган ҳужжат Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасидан шаҳар ҳамда туманларга юборилганини кўриш мумкин. Аммо ушбу хатда ҳам Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2025 йил 23 декабрдаги 1682-ХДФУ-сонли хати ижро учун юборилаётгани аниқ ёзилган. Яъни, буйруқ вазирликдан! Бироқ ўз навбатида вазирлик ҳам бундай қарорни ҳаводан олмагани, улар Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёнига амал қилаётганини хатдан кўриш мумкин.
Ушбу хат Сурхондарё вилоятидаги вазиятни очиқлади, муҳокамалар марказида эса Фарғонадаги ҳолат бўлди. Бундан келиб чиқиб байрам арафасидаги навбатчиликлар фақат Фарғона ёки Сурхондарёда эмас, Республика бўйлаб барча мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида ташкил қилинган, деб тахмин қила оламиз. QALAMPIR.UZ жамоаси Вазирлар Маҳкамасининг айнан шу баёнининг 28-бандида нималар дейилганига аниқлик киритишга уринди. Бироқ Lex.uz сайтидан бу ҳужжат топилмади.
Энди асосли савол: юқоридан келган топшириқни бажаргани учун ишдан олинган директорнинг қисмати нима бўлади? Уни ишга тиклаш керак эмасми, мабодо?
Ўқитувчилар навбатчилик қилиши қанчалик қонуний?
Амалдаги меъёрий ҳужжатларда педагогларни навбатчиликка жалб қилиш борасида ҳеч қандай норма белгиланмаган. Шунингдек, бу педагогларнинг лавозим мажбуриятига ҳам кирмайди.
Чунки, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2025 йил 16 майдаги 156-сонли буйруғи билан тасдиқланган умумий ўрта таълим мактаби ходимларининг лавозим йўриқномаларида ҳам педагогларни навбатчиликка жалб этиш назарда тутилмаган.
Шунингдек, “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра, педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланган. Таълим муассасаларида навбатчилик қилиш эса педагогларнинг касбий фаолиятига кирмайди ва бунинг учун қўшимча ҳақ тўлаш амалиёти йўлга қўйилмаган.
Ўқитувчилар “текин мардикор мақоми”дан қачон қутулади?
Ўқитувчилар яқин йилларгача сентябрь ойидан то декабргача асосий вақтини пахта далаларида ўтказгани, қўлида бўр юқи эмас, чаноқдан тилинган излар бўлгани, бўйнига бўйинбоғ эмас, этак илгани ҳеч кимга сир эмас! Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан бу каби ишларга барҳам берилди. Ўқитувчининг жамиятдаги ўрнини ошириш белгиланди.
Педагоглар ҳар йили “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан ўтказиладиган тантанали байрамда алоҳида эътироф этиладиган, улар учун белгиланган устама пуллари ошириладиган бўлди. 2025 йилда ҳам 1 октябрь муносабати билан йўлланган табрикда Шавкат Мирзиёев навқирон авлодга таълим ва тарбия беришни “дунёдаги энг улуғ ва олижаноб иш” деб атади.
“Мана шундай қувончли кунда сиз, меҳрибон устозларга эл-юртимизнинг юксак ҳурмат-эътиборини яна бир бор изҳор этиб, барчангизга Янги Ўзбекистон келажагини яратиш йўлидаги машаққатли ва шарафли меҳнатингиз учун чин қалбдан ташаккур билдираман. Ўқитувчи ва мураббийлик касбини жамиятимиздаги энг муҳим ва обрўли касбга айлантириш бўйича бошлаган ишларимиз изчил давом эттирилади”, деди Президент.
Президент 2025 йил охирида Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномаси лингвистик таҳлилида ҳам “таълим” сўзи энг кўп такрорланган сўзлар қаторида бўлди. Бу ҳам, аслида, таълимда йўл қўйилган хатолар ва уларни такрорламасликка нисбатан даъватни англатади.
Аммо вазирлик даражасида ҳалигача ўқитувчилар масъулияти ва вазифаларидан ташқари ишларга жалб қилиниши ҳолатлари кузатилар экан, кўзланган мақсадларга эришиш вақти ҳам чўзилаверади.
“Кунлик навбатчиликни олиб ташлолмаймиз” — вазирлик мулозими
Вазирлик Фарғонадаги вазият юзасидан ҳали расмий баёнот бермади. Аммо, 2023 йилнинг 1 августида мактаблардаги навбатчилик масаласи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида муҳокама қилинган эди. Унда педагоглар навбатчилигини қонун билан тақиқлаш масаласи депутатлар томонидан кўтарилган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг собиқ мулозимлари — собиқ вазир ўринбосари Дилшод Кенжаев ҳамда юридик бўлим бошлиғи Хуршид Асроровлар сўзга чиқиб, мактаблардаги навбатчилик масаласи бўйича турлича тушунтиришлар беришга ҳаракат қилган.
Ажабланарли томони, вазирликнинг собиқ юридик бўлим бошлиғи Хуршид Асроров педагогларнинг кунлик навбатчилигини олиб ташламаслик керак, деган мазмунда таклиф киритган ўшанда.
“Мана мактабларда ўқитувчиларнинг ҳар бирининг дарс соатлари белгиланган. Масалан, эрталаб соат 8:30 да болалар келишини назорат қилишда, маълум, дарси биринчи соатда бўлмаган ўқитувчилар пастда болаларнинг келиб-кетиши ҳамда уларнинг телефон билан кириши ёки формада киришини назорат қилишади. Энди бу ҳам навбатчилик сифатида татбиқ қилинади. Мактаб фаолиятини назорат қилишда барибир ўқитувчиларнинг роли катта бўлади. Агар ҳозир кунлик навбатчиликни ҳам олиб ташлайдиган бўлсак, администрациянинг ўзига қувват етмаслиги мумкин. Шу муносабат билан кунлик навбатчилик масаласини қонун лойиҳасидан ҳозир чиқариб ташласак, тўғри бўлади”, дейди Хуршид Асроров.
Депутатлар навбатдаги мантиққа мос келувчи саволни беришган: педагоглар навбатчилик қилгани учун уларга ҳақ тўланадими?
Ўша вақтда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари лавозимида ишлаган Дилшод Кенжаев жавоби эса мутлақо кутилмаган бўлган эди. Собиқ вазир ўринбосари ўқитувчиларнинг педагогик юкламаси мавжуд эканлигини эслатиб, навбатчилик қилиш ҳам педагогик юклама таркибига кириши, (!) шу сабабли педагог ходимлар сентябрдан бошлаб май ойигача навбатчилик қилишлари керак, деган мазмунда жавоб қайтарган.
“Педагогик “нагрузка”, яъни педагогик юклама деган амалиёт бор. Яъни бу ерда ўқув юкламаси бор, у 20 соат бир ставкада ишлайди ва бундан ташқари унинг педагогик юкламаси бор. Мана шу навбатчилик, яъни айнан ўзининг иш даврида, сентябрдан бошлаб май ойигача унинг ўзининг навбатчилиги бор. Лекин қонун лойиҳасига куз-қиш киритилаётгани шуни англатадики, йиллар давомида иссиқлик тизими ёқилган даврда ўқитувчилар тун-у кун навбатчиликка қўйилган. Мана шу нарсани бартараф этиш учун бу норма киритиляпти”, дейди у.
Таълим соҳасида катта қадамлар ташланяпти. Ишонч ортяпти. Аммо замон шу даражага етиб келдики, биттагина қилинган хато бутун тизимга бўлган, амалдадорлар кўп такрорлайдиган ислоҳотларга нисбатан ишончни камайтириши мумкин. Педагогларни касбий вазифасига алоқаси бўлмаган ишларга мажбуран жалб қилиш қонунга ҳам, мантиққа ҳам зид бўлиб, бутун тизимдаги масъулиятсиз ёндашувни очиб беради. Битта директорнинг жазоланиши муаммони ҳал қилмайди. Юқоридан пастга тушаётган ноқонуний топшириқлар қайта кўриб чиқилмагунча, ўқитувчи “текин мардикор” мақомидан қутула олмайди.
Педагог нима қилсин? Фарзанди салгина йўталлаб қолса ҳам келиб, ўқитувчининг юзига тупуги сачрайдиган даражада бақирадиган ота-оналар билан муроса қилсинми? Кучи етмаслиги аниқ бўлган эҳтимолий хавфлар билан курашсинми? Ёки “эртанинг эгаси” экани айтиладиган болаларга таълим берсинми?
Эҳтимол, мана шундай ортиқча босимлар таъсирида мактабларда эркак ўқитувчилар сони камайиб бораётгандир. Балки шу каби асаббузарликлар касбга бўлган меҳрнинг йўқолишига олиб келаётгандир. Ўқувчини урган, ўзаро жанжаллашган, дарсини яхши ўтмаётган устозларнинг ҳолати ҳам юқоридаги муаммолар сабаб чарчаган асабларнинг белгисидир, эҳтимол.
Дастурни умумий хулоса билан якунлаймиз. Ўқитувчининг бўйнида бўйинбоғ турсин, кимнингдир қўли эмас. Устоз билдирилган ишончни оқласин, девор ёки дарахтни эмас. Педагог ёшлар онгини ёт ғоялардан ҳимоя қилсин, бўш бинoни эмас!
Нурзодбек Воҳидов
Live
Барчаси