UEFA Суперкубоки ҳакамлари аниқ бўлди
Спорт
−
05 Август 4917 2 дақиқа
Португалиялик ҳакам Жоау Пинейру жорий йилнинг 13 август куни Италиянинг Удине шаҳрида бўлиб ўтадиган ПСЖ ҳамда “Тоттенхем” ўртасидаги ўйинга ҳакамлик қилади. Бу ҳақда UEFA расмий сайти хабар берди.
Маълум қилинишича, 2025 йилги Суперкубок баҳсида Пинейруга ватандошлари Бруно Жезуш ва Личианo Майа ёрдамчи ҳакамлар сифатида кўмаклашади. Тўртинчи ҳакам вазифасини эса озарбайжонлик Элчин Масиев бажаради. ВАРга Тиагу Мартинш (Португалия) тайинланган, унга Фабиу Мелу (Португалия) ва Пол ван Боэкел (Нидерландия) ёрдам беради.
Маълумот учун, 37 ёшли Пинейру 2016 йилдан бери халқаро майдонда ҳакамлик қилиб келмоқда ва шу кунгача UEFA мусобақаларида 68 та ўйинни бошқарган.
Жумладан, 2024/25 йилги мавсумда Пинейру UEFA клублари ўртасидаги мусобақаларнинг плей-офф босқичида бешта учрашувни бошқарган, жумладан Конференциялар Лигаси ярим финалининг иккинчи ўйинида – “Челси” ва “Юргорден” (1:0) жамоалари ўртасидаги баҳсда бош ҳакамлик қилган.
Шунингдек, у 2025 йилги Чемпионлар Лигаси финалида – ПСЖ ва “Интер” (5:0) ўртасидаги ўйинда тўртинчи ҳакам сифатида хизмат қилган.
Эслатиб ўтамиз, ПСЖ ушбу баҳсга Чемпионлар Лигаси финалида “Интер”ни 5:0 ҳисобида мағлуб этган ҳолда етиб келган, “Тоттенхем” эса Европа Лигаси финалида “Манчестер Юнайтед” устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонгани учун бу ўйинда иштирок этади. Суперкубок баҳси 13-дан 14 августга ўтар кечаси соат 00:00 да Италиянинг Удине шаҳрида жойлашган “Фриули” стадионида бўлиб ўтади.
Нодир Шукуров
Live
Барчаси