UEFA делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди

Спорт

image

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ўзбекистонда футбол оммавийлигини ошириш, мавжуд инфратузилмани яхшилаш, “миллионлар ўйини” янада равнақ топишига қаратилган тизимли лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириб келмоқда.

Эндиликда Европа футбол ассоциациялари иттифоқи – UEFA билан ҳам ҳамкорликда бир қанча лойиҳалар амалга оширилади.

Бугун UEFA Assist ташаббуси доирасида ташкилотнинг халқаро алоқалар бошқармаси раҳбари Ева Паскэ бошчилигидаги UEFA делегацияси Ўзбекистонга келди. Европалик меҳмонлар 13 мартга қадар ЎФAнинг иш-фаолияти билан яқиндан танишади. Ташриф доирасида ЎФA раҳбари ҳамда ходимлари билан, ПФЛ ва Суперлига клублари вакиллари билан учрашувлар ташкил этилади, ЎФA ҳамда ПФЛнинг ҳар бир йўналиш бўйича олиб бораётган фаолияти UEFA мутахассислари томонидан атрофлича ўрганилади ҳамда якунда ассоциация иш фаолияти самарадорлигини ошириш, Ўзбекистонда футбол ривожланиш даражасини янада кўтаришга йўналтирилувчи қўшма лойиҳалар, мутахасисларнинг Европанинг етакчи ассоциацияларида малака ошириши, қолаверса Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоаларининг мунтазам равишда Европада ташкил этиладиган халқаро мусобақаларда иштирокини таъминлаш каби масалалар муҳокама қилинади.

Бугун UEFA вакиллари ЎФA Биринчи вице-президенти Равшан Эрматов билан учрашди.

– Европа футболи юксак даражада равнақ топгани билан бошқа қитъалардан ажралиб туради. UEFA'дек ташкилот билан ҳамкорликда қўшма лойиҳалар амалга оширишдан жуда ҳам мамнун бўламиз. Биз айни дамда миллий футболимизнинг барча бўғинларида ўз ишининг чин профессионаллари фаолият олиб боришини мақсад қилганмиз. Бунинг учун эса маҳаллий мутахассисларимизни Европага тажриба ва малака ошириш учун юбориш айни муддао бўлади. Ўзаро ҳамкорлигимиз самарали бўлишидан умидвормиз, дея таъкидлади Равшан Эрматов.

UEFA делегациясининг эртанги кун тартибидан ЎФAнинг қатор бўлимлари раҳбари ҳамда ходимлари билан учрашувлар ўрин олган.

Қайд этиш жоиз, 13 март куни эса мазкур ташриф якунларига бағишланган матбуот анжумани ҳам ташкил этиш режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

ЎФА УЕФА

Баҳолаганлар

43

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг