UEFA 2026-2027 йилги мавсум учун янги қоидаларни тасдиқлади

Спорт

image

UEFA ва унга аъзо бўлган 55 та миллий футбол ассоциациялари ҳакамлари Халқаро футбол ассоциациялари кенгаши (IFAB) томонидан 2026-2027 йилги мавсум учун қабул қилинган “Футбол ўйини қоидалари”га киритилган ўзгартишларни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда UEFA расмий сайти хабар берди.

UEFA Ҳакамлик департаменти директори Роберто Розеттининг таъкидлашича, барча 55 та миллий ассоциация билан қоидаларни бир хил тарзда қўллаш бўйича ягона ёндашувга келишиш муҳим аҳамиятга эга.

“Ўйин қоидаларини барча миллий ассоциациялар ўртасида изчил қўллаш бўйича келишувга эришиш муҳим қадамдир. Бу футболчилар, клублар, мухлислар ва барча манфаатдор томонларга ҳакамлар қарорларини яхшироқ тушуниш имконини беради. Ҳар қандай ноаниқликни бартараф этиш ва қоидаларнинг аниқ қўлланилишини таъминлаш футбол ривожи учун жуда муҳим”, дейди Розетти.

2026 йилги Жаҳон чемпионати арафасида ўйин қоидаларига бир қатор ўзгартишлар киритилди.

Янги тартибга кўра, тўпни ўйинга киритиш сунъий равишда кечиктирилса, ҳакам 5 сониялик визуал ҳисобни бошлайди. Шунингдек, алмаштирилаётган футболчи майдонни тарк этиши учун 10 сония вақт берилади. Агар ушбу муддат бузилса, майдонга тушиши керак бўлган захира ўйинчиси ўйин биринчи марта тўхтатилгунга қадар, камида бир дақиқа давомида майдонга кира олмайди.

Дарвозабон тўпни ўйинга киритишни чўзган ҳолатларда ҳам 5 сониялик визуал ҳисоб қўлланилади. Агар белгиланган вақтдан ошиб кетилса, рақиб жамоага бурчак тўпи берилади.

UEFA’нинг таъкидлашича, мазкур ўзгартиришлар ўйинни тезроқ қайта бошлаш, унинг адолатлилигини таъминлаш, ортиқча танаффусларни камайтириш ҳамда футболнинг томошабоплиги ва сифатини сақлаб қолишга қаратилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг