Учтепа туман халқ таълими бўлими мудири истеъфога чиқарилди. Яна 4 та мактаб директори ҳам
Жамият
−
17 Май 2019
8763Жорий йилнинг 15 май куни Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров раҳбарлигида Тошкент шаҳридаги 110-мактабда умумтаълим мактаб директорларининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати маълум қилди.
Тадбирда пойтахт мактабларининг бугунги фаолияти, таълим сифатини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар, кадрларнинг сифат таркиби, туман халқ таълими бўлимларидаги фан методистларининг фаолияти,“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” танлови ҳамда фан олимпиадаларининг шаҳар босқичи натижалари таҳлил этилди.
Шунингдек, яратилган имкониятлардан етарли фойдаланмаслик, қолаверса пойтахтдаги ўқувчилар сони қувватига нисбатан кам бўлган мактабларда ўқув жараёнларини ташкил этишда йўл қўйилган камчиликлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Бундан ташқари, Халқ таълими вазирининг Ҳуқуқий-назорат хизмати томонидан Учтепа туман халқ таълими бўлими ва умумтаълим мактаблари фаолиятини ўрганиш натижалари ҳам муҳокама этилди. Фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар ва лавозим мажбуриятларини бажармаганликлари учун Учтепа туманидаги 4-, 14-, 295-, ва 109-сонли мактаб директорлари лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, мактаблар фаолиятини етарли назорат қилмаганлиги, ўз вазифасига совуққонлик билан қараганлиги, ташаббускорлик етишмаслиги учун Учтепа туман халқ таълими бўлими мудири истеъфога чиқди.
Йиғилишда ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган 5 та муҳим ташаббус доирасида ўз жонбозлигини кўрсатаётган мактаблар ҳам борлиги, хусусан, Олмазор туманидаги 243-мактабда ота-оналарга фарзандларини олиб кетиш учун келганда шунчаки кутиб ўтирмасдан, мактабнинг кириш қисмидаги кўчма кутубхонадан бадиий асар олиб ўқиш имконияти яратилганлиги яхши ташаббус деб эьтироф этилди. Мактаб директори Г.Зухурова мукофот пули билан рағбатлантириш топшириғи берилди.
Йиғилиш якунида шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, туман халқ таълими бўлими мудирлари ҳамда мактаб директорларига таълим сифатини ошириш, кадрлар сифат таркибини яхшилаш, методистлар фаолиятини жонлантириш, ўқув йилини якунлаш, босқичли ва якуний давлат аттестацияларига тайёргарлик, битирувчиларга аттестатларни бериш билан боғлиқ қатор вазифалар белгилаб берилди.
Шу билан бир қаторда, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва туман халқ таълими бўлимларига йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан ишларни кучайтириши ва мунтазам назорат ўрнатиши лозимлиги ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириши лозимлиги таъкидланди.
Халқ таълими вазирлиги томонидан бу каби кенгайтирилган йиғилишларни келгусида Шайхонтоҳур ва Сергели туманлари юзасидан ўтказилиши режалаштирилган.
LiveБарчаси