U-17 Осиё кубоги. Ўзбекистон мусобақа мезбонларини таслим этди
Спорт
−
10 Апрель 2025 11727 1 дақиқа
Саудия Арабистонида давом этаётган футбол бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубоги “A” гуруҳи 3-тури доирасида Ўзбекистон терма жамоаси мезбон Саудия Арабистони билан куч синашиб, йирик 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ислом Исмоилов шогирдлари ўйиндаги ҳар уч голини 2-таймда киритди. Жамшидбек Рустамовнинг дубли ва Асилбек Алиевнинг голи Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасини гуруҳда 1-ўрин билан чорак финалга чиқишини таъминлади.
Баҳс давомида Саудия Арабистони пенальтидан ҳам фойдалана олмади.
Шундай қилиб, “оқ бўрилар” 3 та ўйинда 3 та ғалаба қайд этиб, 9 очко билан чорак финал йўлланмасига эга чиқди. Ўзбекистонлик футболчилар плей-офф босқичида “B” гуруҳида 2-ўринни эгаллаган жамоа билан куч синашади. Ҳозирча Бирлашган Араб Амирликлари жамоаси “B” квартетида 2-ўринни банд этиб турибди.
Маълумот учун, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг чорак финал ўйини 14 апрель куни бўлиб ўтади. Учрашувга Тоиф шаҳри мезбонлик қилади ва Тошкент вақти билан 22:15 да бошланади.