Тўйга борган юзлаб одамлар оммавий заҳарланди

Олам

image
0:00
0:00
download

Жорий йилнинг 19 июнь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида бўлиб ўтган тўй маросимидан кейин оммавий заҳарланиш ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.

Қайд этилишича, Қандиоғаш шаҳридаги ресторанга ташриф буюрган 102 киши шифохонага ётқизилган. Муассаса фаолияти вақтинча тўхтатилган бўлиб, мутахассислар заҳарланиш сабабларини аниқламоқда.

Расмий маълумотларга кўра, ичак инфекцияси тарқалиши Мўғалжар туманига қарашли Қандиоғаш шаҳрида қайд этилган. Соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълум қилишича, дастлабки беморлар 19 июнь куни тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

“Мўғалжар тумани Қандиоғаш шаҳридаги “Тумор” ресторанига ташриф буюрган фуқаролар орасида ичак инфекцияси ҳолатлари қайд этилгани муносабати билан эпидемиологик текширув ўтказилмоқда. 19 июндан буён Мўғалжар туман шифохонаси ва вилоят клиник юқумли касалликлар шифохонасига ичак инфекцияси белгилари билан 102 бемор ётқизилди. Уларнинг 34 нафарида сальмонеллёз касаллиги гумон қилинмоқда. Ушбу ҳолатлар бўйича Ақтўбе вилояти Санитария-эпидемиология назорати департаментига шошилинч хабарнома юборилди ҳамда бактериологик таҳлил учун намуналар олинди”, дейилади Ақтўбе вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарида.

Қайд этилишича, шифохонага ётқизилган беморларнинг аҳволи ўртача оғирликда ва уларга зарур тиббий ёрдам тўлиқ кўрсатилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, вазиятни мувофиқлаштириш учун тезкор штаб тузилган. Туманга қўшимча тиббий бригадалар юборилган, шифохоналарда беморлар учун қўшимча ўринлар ва зарур дори-дармон захираси тайёрланган.

“Ҳозирда эпидемиологик текширув ва экспертиза ишлари олиб борилмоқда. Тергов доирасида озиқ-овқат маҳсулотлари ва атроф-муҳит объектларидан намуналар олиниб, лаборатория таҳлилларига юборилди. Эпидемияга қарши ва профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида умумий овқатланиш муассасаси фаолияти ҳолатга ойдинлик киритилгунига қадар вақтинча тўхтатилди”, дейилади Ақтўбе вилояти Санитария-эпидемиологик назорат бошқармаси маълумотида.

Ҳозирда мутахассислар лаборатория текширувлари натижаларини кутмоқда. Улар инфекция манбасини аниқлаб бериши керак. Қандиоғашдаги мазкур тўй билан боғлиқ ҳолат сўнгги йилларда минтақада кузатилган энг йирик оммавий заҳарланишлардан бирига айланиши мумкин.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг