“Бешта фан бирлаштирилади”. ХТВ география атрофидаги баҳсга муносабат билдирди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда мактабларда география фани учун дарс соатлари ўзгариши кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда. Ушбу ҳолат юзасидан Халқ таълим вазирлиги муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Президентининг “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан миллий ўқув дастурига киритилган ўзгартиришларга кўра, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб, 1-6-синфларда ягона “Табиий фанлар” (Science) жорий қилиниши белгиланган.

Маълум бўлишича, “Табиий фанлар” (Science) – география, биология, физика, кимё ҳамда астрономия фанлари бўйича ўқувчиларнинг дастлабки кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.

Эндиликда бу фанларга оид билим ва кўникмалар ўқувчиларда 1-синфдан бошлаб шакллантирилади. Миллий ўқув дастури доирасида ўқувчиларда “Табиий фанлар” орқали шаклланиши лозим бўлган билим ва кўникмалар ҳар бир синф кесимида белгиланган.

“Ўқувчилар бошланғич синфларда етарли кўникма ва малакага эга бўлишлари учун, халқаро тажрибадан келиб чиқиб, янги фанга ажратилган дарс соатларини бошланғич синфларда кўпайтиришга эҳтиёж туғилди. Шу муносабат билан, 6-синфда ҳар бири ҳафталик 2 соатдан ўтиладиган (жами 6 соатлик) география, биология ва физика фанлари ўрнига ягона, ҳафтасига 3 соатлик “Табиий фанлар” киритилди.

Ўз навбатида, қолган ҳафталик 3 соат “Табиий фанлар” доирасида 2-, 3-, 4-синфларга ўтказилди. Яъни, бу синфларга ҳафтасига 1 соатдан, жами 3 соат қўшиб берилди”, дейилади муносабатда.

Таъкидланишича, мактабда география фанидан берилиши зарур бўлган билим ҳажми ва унга умумий режада ажратилган соатлар ҳажми қисқармаган.

ХТВ расмий изоҳида келтирилишича, бошқа фанлар қатори география фанига оид мавзулар “Табиий фанлар”га сингдирилган, умуман дастурда эса география фанига оид мавзулар 291 та мавзудан 387 та мавзуга, яъни 96 та мавзуга кўпайган. Шу нуқтаи назардан, ижтимоий тармоқларда география фани йўқолиш хавфи остидаги хулосалар, асоссиз.

Вазирлик “Табиий фанлар” жаҳондаги аксарият ривожланган давлатларда ўқитилишини таъкидлаган. Хусусан, Буюк Британияда “Табиий фанлар” 1-6-синфларда интеграция қилинган ҳолда, ягона фан сифатида ўқитилади.

“Табиий фанларнинг қуйи синфларда қўшиб ўқитилиши ўқувчига оламни бир бутун тасаввур қилиш, фанларга оид мавзулар кесимида лойиҳа ишларини амалга ошириб, тадқиқотчилик кўникмаларини ривожлантириш, ўқувчиларнинг фаоллигини ошириш, танқидий фикрлаш қобилиятларини яхшилаш, уларни ижодкорликка йўналтиришга хизмат қилади. 

Миллий ўқув дастури доирасида таълим мазмунида амалга оширилаётган бу каби ўзгаришлар иқтисодиёт соҳаларига халқаро андозалар асосида меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган кўникмаларга эга кадрларни тайёрлаши билан ўқувчилар учун манфаатлидир”, деб ёзилган вазирлик хабарида. 

Муносабатга кўра, миллий ўқув дастурида айнан география фани ҳафталик 8 соат ўтилиши белгиланган. Шу ўринда алоҳида қайд этиш лозимки, география фани ўқитувчиларида “Табиий фанлар” йўналиши бўйича қисқа муддатли қайта тайёрлов курсини муваффақиятли тамомлаган тақдирда, 11 соат дарс бериш имконияти пайдо бўлади (натижада, амалдаги ҳафталик 10 соат ўрнига, 11 соат беришлари мумкин).

Муносабатда айтилишича, вазирлик дастурни халқаро талаблар асосида замонавийлаштириш бўйича ўз олдига қўйилган вазифаларни инобатга олган ҳолда, ўқувчиларда иқтисодий билимларни янада ошириш мақсадида қўшимча соат ажратиш бўйича имкониятларни ўрганмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

549

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг