Эрдўған нега қамалганди?
Таҳлил
−
15 Май 2023
17815Маълумки, кеча, 14 май куни Туркияда президентлик ва парламент сайлови бўлиб ўтди. Турк халқи ўзининг ўн учинчи президенти ва йигирма саккизинчи парламент вакилларини сайлаш учун эрта тонгдан сайлов участкаларига тўпланди. Сайлов якунига етганидан кейин, овозлар санаб чиқилгач, маълум бўлдики, ҳеч бир номзод 50 фоиз овоз йиға олмаган ва шунинг учун 28 май куни Эрдўған ва Қиличдорўғли иккинчи турда яна рақобатлашади.
Амалдаги Президент Ражаб Тойиб Эрдўған кучли инфляция ва яқинда рўй берган зилзилалардан сўнг бу галги сайловларда мағлуб бўлиши мумкинлиги тахмин қилинаётганди. Гарчи у дастлабки турда асосий таъқибчиси Камол Қиличдорўғлини кичик фарқ билан ортда қолдирган бўлса-да, кейинги турдаги унинг имкониятлари у қадар юқори баҳоланмаяпти.
Эрдўған давридаги Туркия ўзининг бир қатор муваффақиятларидан ташқари зиддиятли жиҳатлари билан ҳам ёдда қолмоқда. Хусусан, у бундан 25 йил аввал энди-энди ҳокимият тепасига чиқиш учун интилаётган вақтларда, Истанбулга ҳокимлик қилган йилларда бўлган бир воқеа унинг биографиясидаги муҳим қисм ҳисобланади. Ўшанда у, ўзи бот-бот такрорлаганидек, “интеллектуал жиноят”, яъни омма олдида шеър ўқигани учун қамалган эди. Қуйида ушбу воқеа тафсилотлари ҳақида ҳикоя қиламиз.
Ражаб Тойиб Эрдўған 1994 йилнинг 27 март санасида ўтказилган сайловлардан сўнг Истанбулнинг илк исломчи ҳокимига айланган ва шундан бошлаб ушбу йирик шаҳарнинг муаммоларига ечим топа бошлаганди. Жумладан, узоқ вақтдан бери ҳал қилиниши кутилиган ичимлик суви муаммосини бартараф қилиш учун юзлаб километлик ичимлик суви қувурлари ётқизилди. Чиқиндиларни қайта ишлаш учун йирик ва замонавий корхоналар ишга туширилди. Ҳавонинг ифлосланишига қарши курашиш Эрдўған бошлаган табиий газ лойиҳалари натижасида мувафаққиятга эришди. Тирбандлик муаммосини ҳал қилиш учун 50 дан ортиқ кўприклар, йўл ўтказмалари ҳамда автомагистраллар қурилди. Истанбул мунисипалитетини 2 миллиард доллар қарздорлик билан қабул қилган Эрдўған кейинчалик 4 миллиард долларлик сармояга эришади.
Эрдўған Истанбулда амалга оширган ислоҳотлар унинг обрўсини ошириб борарди. Натижада 1995 йил унинг партияси "Refah" (Фаровонлик) парламентда энг кўп ўринни қўлга киритди. Шу тариқа, Нажмиддин Эрбакан мамлакат тарихидаги биринчи исломчи Бош вазирга айланди. У Туркиянинг сиёсатини Ғарбга тақлид деб атади ҳамда бутун дунё бўйлаб мусулмонлар бирдамлиги кампаниясини эълон қилди. Эрбакан амалга ошираётган ишлар мамлакат армияси томонидан дунёвийликка таҳдид сифатида кўрилди ҳамда Миллий хавфсизлик кенгашининг 1997 йил 28 февралда ўтган йиғилишида ҳукумат дунёвий қонунларни амалга оширишга чақирилди. Хусусан, 8 йиллик узлуксиз таълим, диний мактаблар текширилиши ва Миллий таълим вазирлигига ўтказилиши лозимлиги, Қуръон курслари назорат қилиниши каби қарорлар шулар жумласидандир.
Нажмиддин Эрбакан ушбу талаблар юмшатилсагина уларни қабул қилишга рози бўлишини маълум қилди. Шундан сўнг Эрбакан коалиция келишувига биноан 1997 йилнинг 18 июнида ҳукумат раҳбарлигини "Тўғри йўл" партияси раҳбари Тансу Чиллерга топшириб, истеъфога чиқди. Бироқ 19 июнь куни вазият ўзгарди. Ўша вақтдаги президент Сулаймон Демирел "Она Ватан" партияси раҳбари Масъуд Йилмазга ҳукумат тузиш вазифасини топширди. Ушбу воқеа Туркия тарихида "сокин тўнтариш" деб аталади. Кейинроқ, 1997 йилнинг 21 май куни апелляция Олий суди Бош прокурори Вурал Сава "Фаровонлик" партиясига қарши "дунёвийлик тамойилининг бузилиши" бўйича иш очди ҳамда 1998 йил 16 январда партия фаолиятини тугатиш ва активларини давлат ғазнасига топшириш тўғрисида ҳукм чиқарилди. Эрбакан ва унинг 5 нафар маслакдоши 5 йилга сиёсий фаолиятдан четлатилди.
Эрбаканнинг вориси сифатида унинг ишларини давом эттириши кутилган Эрдўған 1997 йил 6 декабрь куни Туркиянинг шарқий қисмидаги Сиирт вилоятида 5 минг киши қаршисида нутқ сўзлайди. Ўз нутқида у Туркияда фикр ва эътиқод эркинлиги йўқлигини ҳамда ирқий камситишлар мавжудлигини таъкидлайди.
Чунончи, Эрдўған шундай дейди: "Туркияда фикр эркинлиги йўқ ва ирқий камситиш амалга оширилмоқда. Бизнинг дастуруламалимиз Исломдир. Улар бизни ҳеч қачон енголмайдилар. Ҳатто, Ғарб аҳолиси ҳам эътиқод эркинлигига эга. Нега бу Туркияда ҳурмат қилинмайди? Миноралар бизнинг найзаларимиз, гумбазлар бизнинг дубулғаларимиз, масжидлар эса қалъаларимиздир. Ҳеч ким ўқилаётган азонни ўчира олмайди.
Биз, албатта, Туркияда ирқий сегрегацияга чек қўямиз. Чунки "Фаровонлик" партияси бошқа партиялар билан қарама-қарши фикрга эга. Агар осмон ва ер ёрилса, тошқинлар ва вулқонлар устимизга отилса ҳам биз йўлимиздан юз ўгирмаймиз. Менинг дастуруламалим Исломдир. Агар мен буни ифода эта олмасам, ҳаётнинг маъноси нима? Ҳеч ким ўқилаётган азонни ўчира олмайди. Чунки азон эшитилмаган ерда тинчлик бўлмайди. Курдлар, араблар, черкаслар ўртасида фарқ бўлиши мумкин эмас. Чунки ҳамма одамлар бирлашадиган том Исломдир. Биз, албатта, Туркияда ирқий камситишларга чек қўямиз. Бизни бу ҳолга келтирганлар уялсин".
Эрдўған сафар давомида Сиирт бригада генерали Содиқ Эржан билан ҳам учрашиши керак эди. Бироқ генерал уни қабул қилишни истамайди. Ушбу ҳолат ҳам исломчилар ҳамда армия ўртасидаги кескинликнинг ифодаси эди. Эрдўған Сииртдаги нутқи давомида Зиё Гўкалпнинг 1912 йил Болқон уруши вақтида ёзилган ва 1913 йилда "halka Doğru" журналида босилиб чиққан "Аскар дуоси" шеърини баъзи мисраларини ўзгартирган ҳолда ўқийди. Шеърнинг асл шакли қуйидагича:
Қўлимда милтиқ-у, қалбимда иймон,
Икки тилагим бор: дин ила Ватан.
Ўчоғим армия, буюгим султон,
Султонга мадад бер, ё Раббий!
Умрини узоқ қил, ё Раббий!Гумбазлар — дубулға, найза — минора,
Бу илоҳий лашкар динимни кутар.
Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар!Йўлимиз ғазот, сўнги шаҳодат,
Динимиз истар сидқ ила хизмат.
Онамиз ватандир, бобомиз миллат,
Ватанни маъмур айла, ё Раббий!
Миллатни масрур айла, ё Раббий!Санжоғим тавҳид-у, байроғим ҳилол,
Бириси яшилдир, яна бири ол.
Исломга ачингин, душмандан ўч ол,
Исломни обод айла, ё Раббий!
Душманни барбод айла, ё Раббий!Қўмондон, зобит эрур боболаримиз,
Сержант-у, ўнбошидир оғаларимиз,
Қатъий ва ҳурматлидир қонунларимиз.
Лашкарни бутун айла, ё Раббий!
Санжоқни устун айла, ё Раббий!Жанг майдонида неча алп йигит,
Дин ва юрт учун бўлдилар шаҳид,
Ўчоғи ўчмасин, сўнмасин умид,
Шаҳидни маҳзун этма, ё Раббий!
Наслини забун этма, ё Раббий!
Бу шеър Болқон уруши вақтидаги аскарларга бағишланган бўлиб, ундаги “душман” сўзи Болгария ҳамда Болқон қўшинларини, “султон” эса Усмонли Турк султони Рашодни ифодалайди. Эрдўған дастлабки мисраларни қуйидагича ўзгартиради:
Миноралар — найза, гумбаз — дубулға,
Масжидлар — қалъа, мўминлар — аскар.
Бу илоҳий лашкар динимни кутар
Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар!
Шеърдан сўнг у “ҳар бир даврнинг Фиръавнлари ва Намрутлари бордир. Бироқ уларнинг қаршисига чиқадиган Мусо ва Иброҳимлар тўсиқларни енгиб, йўлларни тозалайдилар”, дея таъкидлайди. 1997 йил 7 декабрда унинг шу сўзлари учун “ирқ, дин ва мазҳаблар ўртасида нафрат қўзғаш” бўйича жиноий иш очилади. Қизиғи шундаки, бу шеър мамлакат Миллий таълим вазирлиги ўқитувчилар ва ўрта мактаб ўқувчилари учун тавсия этган “Турк ва Туркийлик” номли китобга киритилган эди. Шунга қарамай, у 1998 йил 21 апрелда 1 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, 860 минг турк лираси миқдорида жаримага тортилган. Тўрт ойлик қамоқдан сўнг, апелляция суди қарорни ўзгартириб, Эрдўғанни озод қилди.
Озодликка чиққач, Эрдўған 2001 йилда "Адолат ва тараққиёт" партиясига асос солади ва 2002 йилдаги сайловлардаёқ бу партия Туркия Буюк Миллат Мажлисида учдан икки қисм ўринларни эгаллайди.
2003 йилда Бош вазир, 2014 йилда эса Туркиянинг халқ томонидан сайланган биринчи Президентига айланди. У 20 йиллик “ҳукмронлиги” давомида катта йўлни босиб ўтди. Эрдўған 2016 йилги давлат тўнтаришидан ҳам “омон” қолди. Бироқ, энди у фаолияти давомидаги энг жиддий синовга дуч келмоқда. Ноанъанавий иқтисодий сиёсат оқибатида юзага келган шиддатли инфляция ва шу йилнинг февраль ойида 50 мингдан ортиқ одамнинг ўлимига олиб келган ҳалокатли зилзилалардан кейин Эрдўғаннинг курсиси сезиларли даражада қимирлаб қолгандек. Европа Иттифоқи ва АҚШ билан муносабатлардаги бирмунча “қайсар” сиёсати ҳам Ғарбда унинг ҳокимиятдан кетишига истакларни кучайтириб юборди.
Нима бўлганда ҳам, мазкур сайлов Туркия ва бутун дунё сиёсатида жиддий ўзгаришлар ясаши кутилмоқда. Йиллар давомида автократлашиб келгани айтиладиган Эрдўғаннинг эпохаси якунига етадими ёки у камида яна бир муддат ҳокимият тепасида қоладими, буларнинг барига шу йилнинг 28 май санасида бўлиб ўтадиган иккинчи тур сайловларидан сўнг жавоб олиш мумкин бўлади.
LiveБарчаси