Туршак шаклидаги 13 кг “героин”ни чегарадан ўтказмоқчи бўлганлар ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Афғонистондан Россия Федерациясига 13 кг “героин”ни ўрик қоқилари кўринишида транзит йўли орқали Бухоро вилоятидаги чегара-божхона постидан яширинча олиб ўтмоқчи бўлганлар қўлга олинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди. 

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 30 май куни Афғонистондан Россияга йўл олган юк автомобили Бухоро вилоятидаги “Олот” чегара-божхона постида божхона назоратидан ўтказилган. Инспекцион кўрик мажмуаси орқали олинган рентген тасвирларини таҳлил қилиш жараёнида юк таркибида шубҳали ҳолатлар аниқланган. 

Шундан сўнг, тиркамада олиб кетилаётган 18,6 тонна қадоқланган ўрик қоқиси белгиланган тартибда холислар иштирокида батафсил кўздан кечирилган. Текширув давомида 13 та қоғоз қути ичидаги маҳсулотлар орасига ташқи кўриниши ўрик қоқисига ўхшатиб тайёрланган ва яширилган моддалар борлиги аниқланган. 

Эксперт-криминалистика хулосасига кўра, ушбу моддаларнинг умумий оғирлиги қарийб 13 килограмм бўлган “героин” гиёҳвандлик воситаси эканлиги маълум бўлган.  Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, мусодара қилинган “героин”нинг халқаро қора бозордаги қиймати 1,5 миллион долларгача баҳоланмоқда. 

Божхона қўмитасининг маълум қилишича, жорий йилнинг ўтган даврида республика божхона органлари томонидан 363 та ҳолатда қарийб 1,7 тонна гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 461 килограммга кўпдир. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистондан Тошкент вилоятига кириб келган юк машинасидаги озиқ-овқат орасидан катта миқдордаги дори воситалари топилгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Россия Бухоро героин Туршак

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг