Турмуш қуришни мураккаблаштириш таклиф қилиняпти

Жамият

Ўзбекистонда ажримлар билан боғлиқ даъволарни кўриб чиқиш жараёнидан кўра оила қуришни мураккаблаштириш тўғри йўл бўлади, деб фикр билдирди ФИБ Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси Шерзод Ражабов Юнусобод туманидаги ЖИБ Юнусобод туман суди, Тошкент туманлараро иқтисодий ва маъмурий, ФИБ М.Улуғбек туманлараро судида кўриб чиқилган ва кўрилаётган ишлар юзасидан Юнусобод тумани ҳокимиятида ўтказилган брифингда.

Судья никоҳдан ажрашишнинг сабаблари турлича бўлишини айтиб, Юнусобод туманида 2020 йилда 819 та никоҳдан ажратиш иши кўрилган бўлса, 2019 йилда 871 тани ташкил қилгани ва ажралишлар оқибатида қанча бола ота-она қаровидан мосуво бўлганини келтириб ўтди:

“2020 йилда 819 та никоҳдан ажратиш иши кўрилган бўлса, 2019 йилда уларнинг сони 871 тани ташкил қилганди. Яъни, мурожаат қилишлар бироз камайган. Шундан 378 та никоҳ бекор бўлган. 362 та иш бўйича биринчи марта даъво аризаларини бекор қилганмиз. Сабаби, никоҳни бекор қилишга асос бўлмаган. 22 та ишимиз иш юритишдан тугатилган, 57 таси кўрмасдан қолдирилган. 79 та оилани яраштиришга эришганмиз. Aлбатта, бу кўрсаткичлар кам. Лекин 79 та ҳолатда ҳам оилаларни сақлаб қолишга эришилган.

Эндиликда, никоҳдан ажралганлар ўртасида вояга етмаган фарзандлар қанча қолган? 224 нафар бола ота ёки онанинг тарбиясидан мосуво бўлган ҳолда яшашга мажбур бўлган. Aёллар томонидан ҳам мурожаат қилиш кўпайганми ёки еркаклар томонидан деган савол туғилиши табиий. Бунга ҳам статистикамиз бор.  Бундан 10-12 йил олдин эркаклар томонидан мурожаат қилиш жуда кескин кўпайди. Бугунги кунда бу нарса ўзаро тенглашиб қоляпти. Мен умумий хулоса айтишим мумкинки, бу кимнидир айблаш эмас, балки аёлларимиз ҳам ўзларини ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўрганди, десак ҳам бўлади. Ёки оилада еркакларнинг масъулиятсизлиги аёлни, ҳаттоки судга мурожаат қилишига ҳам мажбур қиляпти. Бизни кўпроқ ўйлантирадиган масала – 224 нафар боланинг кейинги тақдири. Уларнинг келажакда ҳуқуқбузарлик йўлига кирмаслиги, жиноят йўлига кирмаслиги ёки бошқа ножўя хатти-ҳаракат қилмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди”.

Судья хусусан, 6-8 фоиз ёшлар оила қуришга тайёр бўлмагани учун ажрашганини қўшимча қилди. Шу ўринда у бунинг ечимини ҳам таклиф сифатида киритди.

“Никоҳдан ажрашишнинг асосий бир сабабини айтиб ўтаман. Бу бизни кўпроқ ўйлантиради. 6-8 фоиз ёшларимиз оила қуришга тайёр эмаслиги бизни ачинтиради. Бунда жисмоний жиҳатдан оила қуришга тайёр, лекин оила масъулияни ҳис қилмаслик сабаб никоҳни бекор қилиш ҳолатлари кўпайган. Мисол учун, турмуш ўртоғи – эр ўзининг вазифаларини билмайди, оилани моддий таъминламайди, аёл ҳам ўзининг вазифаларини билмайди. Бундай ачинарли ҳолат кейинчалик оиланинг бузилишига олиб келади”, дея вазиятни изоҳлади судья Ражабов.

У сўзида давом этиб, келажакда никоҳга кирувчиларни оилага тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилса, натижа яхшироқ бўлишини таъкитлади. Шунингдек, ёшлар бир-бирини танимасдан, айрим масалаларда ўзаро келишиб олмасдан турмуш қураётганини қўшимча қилди.

“Никоҳдан ажралиш жуда қийин масала деб айтишингиз мумкин. Биз қўлимиздан келгунча ҳаракат қиламиз, лекин кўпинча “ғишт қолипдан кўчган” бўлади. Мен истардимки, никоҳга кириш жараёнини мураккаблаштирсак. Яъни, бир ойдан кейин фуқаро ниҳокдан ўтиши мумкин. Ҳаттоки, бир ойнинг ичида ёшлар бир-бирини танимасдан турмуш қуряпти. Улар никоҳга кирганидан кейин қандай яшаши мумкин? Бир ҳолатни биз кўрдик: аёл – олий ўқув юртининг иккинчи босқич талабаси. Улар ўзаро турмуш қурган. Лекин турмуш ўртоғи никоҳдан кейин “сен ўқимайсан, уйда ўтирасан” дея шарт қўймоқда. Қиз эса “мен ўқишимни давом эттиришим керак”, деяпти. Мана шу сабаб билан оила бекор бўляпти. Aёнки, никоҳга киришдан олдин ўзаро келишилмаган. Шошма-шошарлик билан тўй қилинган, никоҳдан ўтилган.

Aйтмоқчиманки, биз никоҳни бекор қилиш жараёнларига эътиборни қаратмасдан, балки никоҳ қуриш жараёнларига кўпроқ аҳамият берсак, жамиятимиз яна ҳам ривожланади ва биз ўйлаган мақсадимизга эришамиз”, дейди Ражабов.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

686

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг