Хавф яқин. Коронавирусдан Марказий Осиёда бир киши вафот этди
Олам
−
12 Февраль 2020
29651Туркманистонда бир киши Хитойда пайдо бўлган янги коронавирусдан вафот этди. Бу ҳақда “Tengrinews.kz” хабар берди.
Ҳолат Хитойдан эвакуация қилинган Туркманистон фуқаролари ва China National Petroleum Corporation (CNPC) компаниясида ишлаган хитойликлар жойлаштирилган карантин лагерида рўй берган.
Ушбу ҳолат айни вақтда қатъий сир сақланмоқда. Turkmen.news томонидан аниқланишича, вафот этган шахс Хитойдаги олийгоҳлардан бирида ўқиган талаба бўлган.
Марв вилоятида истиқомат қиладиган ўрта ёшли фуқарода “аввал маълум бўлмаган вирус инфекцияси” аниқланган. У айни вақтда оғир аҳволда Лабоп вилоятидаги карантин лагерида сақланяпти.
Карантин лагери Туркманистон мудофаа вазирлигига тегишли фавқулодда вазиятлар бўлимининг кўчма госпиталидан иборат. Унинг ҳудудида реанимация, анестезиология, хирургия, стериллаш хоналари ва лабороториялар мавжуд. Госпитал атрофи миллий хавфсизлик ходимлари томонидан қўриқланмоқда.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 27 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания ва Бельгияда аниқланди.
Вирусдан бугунгача 1115 нафар одам ҳалок бўлди. У билан касалланганлар сони 45 171 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.
Янги коронавирусга Novel Coronavirus Pneumonia (NCP) номи берилди. У бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.
LiveБарчаси