Туркманистон сигаретдан бутунлай воз кечишни 2030 йилгача кечиктирди

Олам

image

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов мамлакатни тамакидан холи ҳудудга айлантириш бўйича 2026-2030 йилларга мўлжалланган Миллий дастурни тасдиқлади. Бу ҳақда “Türkmenistanyň Döwlet habarlar agentligi” хабар берди. 

Шунингдек, дастурни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси имзоланган. Вазирликлар, идоралар, вилоятлар ҳамда Ашхобод ва Арқадағ шаҳарлари маъмуриятларига унинг ижросини таъминлаш топширилган.

Дастур аҳолининг маънавий ва жисмоний саломатлигини таъминлаш, тамакига қарши курашиш, фуқаролар саломатлигини сезиларли даражада яхшилаш ва фаровонлигини ошириш, одамларнинг умр кўриш давомийлигини узайтириш мақсадида тасдиқланган.

Шу тариқа, Туркманистонни тамакидан холи мамлакатга айлантириш муддати беш йилга сурилди. Аввалги дастур 2025 йилгача тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш муаммосини тўлиқ ҳал қилиш мақсадида 2017 йилда қабул қилинган эди.

Туркманистон ҳукумати 2011 йилдан бери тамаки чекишга қарши курашиб келади. Ўшанда мамлакатда тамаки маҳсулотларига акциз солиғи кескин оширилган, икки йилдан сўнг эса жамоат жойларида чекиш тақиқланган эди.

2016 йил январь ойида ўша пайтдаги президент Гурбангули Бердимуҳамедов Соғлом жамият хавфсизлигини ҳимоя қилиш хизмати фаолиятидан қаттиқ норозилигини билдириб, ундан тамаки чекишга барҳам бериш бўйича зудлик билан чора кўришни талаб қилди. Шундан сўнг сигаретлар сотувдан деярли йўқолди, уларнинг нархи эса кескин кўтарилиб, бир қутиси 13 долларга етди.

2016 йил баҳоридан бошлаб мамлакатда сигарет импортига давлат монополияси жорий этилган, шу сабабли дўконларда мунтазам равишда тақчиллик юзага келади. Қўшни давлатлардан мокилар орқали сигарет олиб кирилишига ҳам чек қўйилмоқда. Сигаретни ноқонуний сотганлар энг кам иш ҳақининг 10 баробари (ўша пайтда 5900 манат ёки 1680 доллар) миқдорида жаримага тортилган.

Натижада, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, 2017 йилда Туркманистон аҳолисининг 8 фоизи чеккан бўлса, 2018 йилга келиб республикада чекувчилар сони 3,4 фоизгача камайди ва бу дунёдаги энг паст кўрсаткич бўлди. Шу билан бирга, мамлакат аҳолиси орасида расман ноқонуний ҳисобланса-да, қора бозорда осонгина топиладиган носвойни истеъмол қилиш ҳолатлари кўпайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркманистон сигарет

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг