Ўзбекистонда 3 та пропан-бутан аралашмаси ҳамда синтетик ёқилғи (GTL) заводи ишга туширилади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 4 май куни ёқилғи-энергетика тармоғида самарадорликни ошириш, энергия сарфини оптималлаштириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Мамлакатда иқтисодиётни кескин ривожлантириш бўйича катта мақсадлар белгиланган. Бунинг учун янги энергия қувватларини ишга тушириш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш талаб этилади.

Масалан, Ўзбекистонда минг долларлик ялпи ички маҳсулот яратиш учун ривожланган давлатларга нисбатан 2-3 баробар кўп энергия сарфланади. Нефть маҳсулотларига йиллик талабнинг 44 фоизи импорт ҳисобидан қопланмоқда.

Шу боис йиғилишда яқин йилларда энергия сарфини 2-2,5 баробарга қисқартириш масалалари муҳокама қилинди.

Оммабоп қишлоқ хўжалиги техникаси ва юк автомобилларини газга мослашган ҳолда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Жорий йил якунигача 3 та пропан-бутан аралашмаси ҳамда синтетик ёқилғи (GTL) заводи ишга туширилиши қайд этилди. Бунинг натижасида авиакеросин, дизель ва суюлтирилган газ импорти тўлиқ қисқаради.

Мамлакатда ишлаб чиқарилаётган энергиянинг 40 фоизи биноларни иситиш ва ёритишга сарфланади. Бу жараёнда исрофгарчилик ҳам кўп. Масалан, 1 квадрат метр майдонни иситиш учун ўртача 400 киловатт-соат, иқлим шароити бизга яқин ривожланган давлатларда эса 170 киловатт-соат энергия ишлатилади.

Шу боис кўп қаватли уйларни лойиҳалаш ва қуришда энергия тежовчи технологияларни кенг қўллаш, ижтимоий соҳа объектларининг энергия самарадорлигини оширишга хорижий инвестициялар жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Саноатдаги энергия сарфи ҳам таҳлил қилинар экан, ҳар бир соҳа ва тармоқ кесимида ушбу ресурсни тежаш ва самарадорлигини ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Халқаро энергоаудит ташкилотларини жалб қилиб, 285 та йирик саноат корхонасининг энергия самарадорлигини ўрганиш, уч сменада иш ташкил этган тадбиркорларга кечки смена учун электр тарифини 1,5 баравар камайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Қайта тикланувчи энергия манбалари – ҳали тўла фойдаланилмаётган улкан резервлардан бири. Албатта, бу йўналиш бошида катта харажат талаб қилади. Лекин, бу келажакда табиий газ ва нефть танқислигини ҳал қилиш, истеъмолчилар учун эса сарф-харажатларни камида 2 баробар тежаш имконини берса, ўзини оқлайди.

Мисол учун, агар 150 мингта хонадонга қуёш панеллари ва сув иситиш тизимлари ўрнатилса, йилига 319 миллион куб метр табиий газни тежаса бўлади.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш, қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, жаҳон тажрибаси асосида истеъмолчиларга қўшимча шарт-шароит яратиш муҳимлиги таъкидланди. Соҳага тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиш, вилоятларда қуёш фотоэлектр ва шамол электр станциялари қуришга доир масалалар кўриб чиқилди.

Электр энергияси ҳамда табиий газ сарфини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини янада кенг жорий этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Карантин сабабли ёқилғи-энергетика корхоналарида маблағ танқислиги вужудга келишини инобатга олиб, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, айланма маблағларини кўпайтириш чора-тадбирлари белгиланди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

102

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг