Ўзбекистонда iOS дастурчиларини тайёрлаш марказлари ташкил этилади
Local
−
21:31 417 3 minutes
Ўзбекистонда Фарғона тажрибаси асосида iOS дастурчиларини тайёрлаш марказлари ташкил этилади. Бу ҳақда бугун, 20 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган рақамли таълим экотизимини ривожлантириш бўйича тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, ахборот технологиялари соҳасида 2030 йилгача 300 мингта иш ўрни яратиш бўйича белгиланган мақсадга жорий йилнинг ўзида эришилган. Энди рақамли иқтисодиётнинг янги йўналишларини ривожлантириш ҳисобига 2030 йилга қадар яна 500 мингта иш ўрни яратиш вазифаси қўйилмоқда.
Бунинг учун ёшларни ўқитишдан бошлаб, касбий кўникмаларини тасдиқлаш ва ишга жойлаштиришгача бўлган жараёнларни қамраб олувчи ягона рақамли таълим экотизимини шакллантириш зарур. Тақдимотда 2030 йилгача 5,5 миллион нафар ёшни анъанавий ва масофавий шаклларда ўқитишга қаратилган ёндашувлар кўриб чиқилган.
Мактаб ўқувчилари учун “Ал-Хоразмий ворислари” ва “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаларини кенгайтириш, олий таълим муассасалари ҳамда хусусий ўқув марказлари имкониятларини бирлаштириш назарда тутилмоқда.
Давлат раҳбари робототехника, компьютер ўйинларини яратиш, стартаплар ва бошқа истиқболли йўналишларда йилига 1 миллион нафар ёшни ўқитиш вазифасини қўйган. Бунинг учун миллий тренерлар корпусини шакллантириш, онлайн таълим платформалари ва қисқа муддатли рақамли курсларни тезроқ ишга тушириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириб, уларнинг натижаларини амалиётга кенг жорий этиш зарурлиги таъкидланган.
Тақдимотда олий таълимда тайёрланаётган кадрлар малакасини технологиялар ва меҳнат бозоридаги ўзгаришларга мослаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилган. Сунъий интеллект, микросхемаларни лойиҳалаш, дрон технологиялари ва компьютер ўйинларини ишлаб чиқиш каби йўналишларда таълимни ривожлантириш, талабаларнинг амалий лойиҳаларда иштирокини кенгайтириш таклиф этилган.
Шунингдек, информатика ўқитувчиларининг сунъий интеллект бўйича билимларини ошириш ва уларни сертификатлаш, олий таълим муассасалари талабалари учун халқаро рақамли таълим курсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Фарғона тажрибаси асосида iOS дастурчиларини тайёрлаш марказларини ташкил этиш, хусусий таълим марказларига менторлар тайёрлаш таклифлари маъқулланган.
Илмий тадқиқот ва ишланмаларни таълим билан боғлашга ҳам эътибор қаратилган. Хусусан, ОТМларда ўрнатилган тизимлар, микроэлектроника ва буюмлар интернети бўйича мутахассислар тайёрлаш, муҳандислик ишланмалари ва тадқиқот лабораториялари фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар билдирилган.
Ёшларнинг олган билими меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши учун “Рақамли ёшлар” платформасини ривожлантириш режалари ҳам кўриб чиқилган. Унда таълим, кўникмалар, тил билиш даражаси ва сертификатлар ҳақидаги маълумотларни жамлаш, ёшларга мос бўш иш ўринларини таклиф қилиш ҳамда уларнинг бандлигини кузатиб бориш кўзда тутилмоқда.
Рақамли таълимга глобал технологик компанияларни кенг жалб қилиш зарурлиги қайд этилган. Ўтган йили ушбу йўналишда 22 миллион доллар грант жалб қилинган. Тизимли ҳамкорлик орқали мазкур кўрсаткични шу йил якунигача 60 миллион долларга, 2030 йилга бориб эса йилига 100 миллион долларга етказиш топширилган.
Жорий йилда жалб этиладиган грант маблағларининг ярмини рақамли таълимга, қолган ярмини малака ошириш дастурлари ҳамда чекка ҳудудларда рақамли таълим марказларини ташкил этиш, уларни сунъий интеллект, робототехника ва дастурлашни ўқитиш учун замонавий ускуналар билан жиҳозлашга йўналтирилиши белгиланган.
Президент рақамли таълимда қамров билан бирга ўқитиш сифати ва унинг бандликка таъсири ҳам асосий мезон бўлиши кераклигини таъкидлаган. Масъулларга белгиланган мақсадларга аниқ дастурлар орқали эришиш, ҳудудлардаги имкониятларни кенгайтириш, хусусий сектор ва халқаро ҳамкорлар билан ишлашни кучайтириш юзасидан топшириқлар берилган.
Шунингдек, Рақамли технологиялар халқаро маркази фаолиятини йўлга қўйиш ишларининг бориши юзасидан ахборот берилган.
Live
All