Туркманистон Президенти ўзбекистонлик қизга Zeekr 9X совға қилди

Маданият-санъат

−

image

Ўзбекистонлик Амина Маҳмудова Туркманбоши шаҳрида финали бўлиб ўтган “Татар қизи – 2026” халқаро танловида ғолиб бўлди. Унг танловнинг бош соврини – Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов номидан Zeekr 9X автомобили топширилди. Бу ҳақда “Turkmenportal” хабар берди.

Қайд этилишича, танлов тожи учун 12 нафар қиз кураш олиб борган. Танлов дастури она тили, тарих ва анъаналарни билишини намойиш этиш, шунингдек, ижодий синовларни ўз ичига олган.

“Энг катта миннатдорчилигим – ота-онамга. Ҳар бир ғалабам ортида уларнинг меҳри, тарбияси ва менга бўлган ишончи туради. Бу ғалаба фақат менга эмас, балки уларга ҳам тегишли. Татаристон Республикаси раисига, Бутунжаҳон татар конгрессига ва барча ташкилотчиларга миннатдорлик билдираман. Бизга, татар қизларига, бутун дунёга миллатимиз ва тилимизни намойиш этиш имкониятини берганингиз учун ташаккур”, дейди тақдирлаш маросимида ғолиба.

Амина Маҳмудова Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институтида таҳсил олмоқда, хонандалик мутахассислигини эгалламоқда ва вокал ўқитувчиси бўлиб ишлайди. 

Бош унвондан ташқари, махсус номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланган. Татаристонлик иштирокчи Дина Зарипова “Энг ғайратли қиз” унвонини олган, Амина Маҳмудованинг ўзи эса “Энг майин овозли қиз” деб топилган.

Танлов финали илк бор Туркманистонда бўлиб ўтди. Танлов ўтказиладиган жой ўтган йилги ғолиба келиб чиққан мамлакатга қараб белгиланади. 2025 йилда тожни дашоузлик Алсу Рафикова қўлга киритган эди.

Маълумот учун, “Татар қизи” – татар тили, миллий анъаналари ва маданий меросини асраб-авайлаш, ёш авлодга етказишга қаратилган халқаро маданий-маърифий танлов. Танловга 2011 йилда Челябинск шаҳрида асос солинган. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам қарийб 200 минг нафар татар миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади.

Zeekr 9X – Хитойнинг Zeekr брендига мансуб флагман гибрид йўлтанламасидир. Ўзбекистон бозоридаги нархи тахминан 105 – 130 минг доллар атрофида.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар