Туркманистон Президенти бирйўла 2 вазир ва 4 ҳокимни ишдан ҳайдади
Олам
−
29 июл 5026 3 дақиқа
Жорий йилнинг 10 июль куни Туркманистонда 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакат Президенти Сердар Бердимуҳамедов кадрлар ўзгаришини эълон қилди: икки вазир, тўрт ҳоким ва газета бош муҳаррири лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда “Turkmen news” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Туркманистон ҳукуматининг кенгайтирилган мажлисларида қоида тариқасида фақат муваффақиятлар ва барқарор ўсиш кўрсаткичлари тилга олинади. 10 июль куни ҳам мамлакат ЯИМнинг ўсиш суръати 6,3 фоизни ташкил этаётгани айтиб ўтилган. Шунга қарамай, мулозимларнинг ҳисоботлари давомида Сердар Бердимуҳамедов уларнинг айримларини ишдан бўшатаётганини эълон қилган.
Ҳукуматдаги ўзгаришлар мамлакат учун устувор бўлган нефть-газ мажмуасига дахл қилган. Вазир даражасига тенглаштирилган “Туркменгеология” давлат корпорацияси раиси Гурбангелди Гарлиев лавозимини йўқотган. Президент уни “бошқа ишга ўтиши муносабати билан” деган таъриф билан лавозимидан озод этган. Гарлиев уч йилга яқин вақт мобайнида мамлакат ерости бойликларини қидириш бўйича масъул эди. Унинг ўрнини шу вақтгача “Туркменгаз” давлат концерни раиси ўринбосари бўлиб ишлаган Бердимурат Аманов эгаллаган.
“Ишда йўл қўйган жиддий камчиликлари учун” Маданият вазири Атагелди Шомуродов ишдан бўшатилган. У ҳукуматда энг узоқ ишлаганлардан бири бўлиб, ўз лавозимини тўққиз йил давомида эгаллаб келаётган эди. Шомуродов охирги огоҳлантириш билан ҳайфсанни беш йил муқаддам Гурбангули Бердимуҳамедовдан олган. Мулозим бу сафар қўпол хатога йўл қўйдими ёки унга нисбатан оддий эътирозлар тўпланиб қолганми, номаълум. Янги Маданият вазири этиб илгари ўринбосар лавозимида ишлаган Гурбанмурат Муродалиев тайинланган. Президент унга олти ойлик синов муддати белгилаган.
Ишдаги жиддий камчиликлари учун ишдан бўшатилган яна бир мулозим “Nesil” газетаси бош муҳаррири Ортиқгули Хўжабердиев бўлган. Унинг ўрнига ярим йиллик синов муддати билан Холлигўзал Шоназарова тайинланган.
Сердар Бердимуҳамедов минтақавий бошқарув органларида ҳам бир қатор қайта тайинловларни ўтказган. У Мари вилоятида Довранберди Аннабердиевни “бошқа ишга ўтиши муносабати билан” лавозимидан озод этган.
Аннабердиев ушбу курсини ропа-роса бир йил эгаллаган ва бу давр мобайнида вилоятнинг кўплаб муаммоларини ҳал эта олмаган: деҳқонлар ва мамлакат ҳосилни йўқотишига олиб келаётган қишлоқ хўжалигидаги коррупция, ёзги иссиқда электр энергиясидаги оммавий узилишлар, ёнилғи танқислиги. Бироқ эътиборли жиҳати шундаки, ушбу муаммоларнинг баъзиларини, масалан аграр сектордаги порахўрликни собиқ ҳокимнинг ўзи яратган ёки чуқурлаштирган. Чунки у илгари ҳам вилоятни бошқарган. Унинг аввалги муддати ҳам 2023 йилнинг июль ойида, аммо анча драмали тарзда якунланган: ишдан бўшатилганидан сўнг у ҳибсга олиниб, 25 йилга озодликдан маҳрум этилган. Манбалар хабарига кўра, ҳукмда бепарволик ва ўзлаштириш айблари рол ўйнаган, жиноят иши гўёки Гурбангули Бердимуҳамедовнинг хоҳиши билан очилган. Ўз навбатида, Аннабердиевнинг муддатидан олдин озод қилинишини таъминлаган шахс сифатида айнан Сердар Бердимуҳамедов тилга олинган. Аннабердиевнинг ўрнига президент Ботир Оразгилижовни тайинлаган.
Болқон вилоятида Ровшен Жумаев янги ҳоким бўлган. У Аҳал вилоятининг Оқбуғдой тумани ҳокими лавозимидан ўтказилган. У ерга эса собиқ ҳоким ўринбосари Эзизгелди Аширов кўтарилган.
Шунингдек, Лебап вилоятини эндиликда бунгача Болқон вилоятини бошқарган Хўжамурод Ашурмуродов бошқаради. Дурди Генжиев лавозимидан озод этилган. У бир йил давомида вилоят раҳбарлигини Давлат сув хўжалиги қўмитаси раислиги билан бирга олиб борган.
Live
Барчаси