Арқадағ ортга чекиняптими ё парда ортига?
Таҳлил
−
22 Август 2020
31386Кутилмаган қарорлари ва серқирра қизиқишлари билан Марказий Осиё ва дунёнинг кўплаб давлатларида яхши танилган Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакат бошқарувида жиддий ўзгаришлар қилиши кутиляпти. Мутахассислар фикрича, бу ўзгаришлар ҳокимият алмашинувига алоқадор бўлади. Кутилаётган энг катта янгилик мамлакат Конституциясининг ўзгариши бўлади.
Ўзгараётган Конституция
Жорий йилнинг сентябрь ойида Туркманистонда янги Конституция қабул қилиниши ва мамлакат икки палатали парламент тизимига ўтилиши кутиляпти. Бош қомуснинг якуний матнини конституцион комиссия тақдим этиши керак. Лойиҳа тақдимотини коронавирус профилактикаси сабаб видеоконференция шаклида ўтказиш белгиланган.
Маълумот ўрнида, расмий Ашхобод мамлакатга коронавирус кириб борганини расман рад қилаётган бўлса-да, фуқаролардан масофани сақлаш, ниқоб тақишни талаб қиляпти.
“Дунёда эпидемия ҳукм сураётганини инобатга олиб, биз конституцион комиссия ва Халқ Маслаҳати (оқсоқол ва фахрий инсонлар кирган сиёсий тузилма) йиғилишини видеоконференцалоқа шаклида ўтказиш тўғри бўлади деган қарорга келдик”, деган Бердимуҳамедов масофавий ўтказилган Ҳукумат йиғилишида.
Онлайн ўтказиш имкони бўлмаган барча тадбирлар тўхтатилди. Масалан, футбол бўйича миллий чемпионат. Ўйинларнинг бекор қилиниш сабаби очиқланмаган. Аммо бу жиддийлашаётган эпидемиологик вазият билан боғлиқ. 1 сентябргача поездлар ҳаракати тўхтатилгани ҳам шундан дарак беряпти.
Эпидемиологик вазият етмаганидек, Беларусда бошланган намойишлар ҳам Ашхободга ўзи таъсирини ўтказди. Экспертлар 2007 йилдан бери ҳокимиятда қолаётган Гурбангули Бердимуҳамедов Президентликдан кетса, ўзига чекиниш учун йўл тайёрлаяпти, деб ҳисоблаяпти.
Арқадағнинг режаси қандай?
Жорий йилнинг 25 сентябрь куни Халқ Маслаҳати йиғилишида янги Конституция қабул қилинади. Унга кўра, Бердимуҳамедов давлат раҳбари лавозимидан кетган тақдирда Халқ Маслаҳати раиси лавозимини эгаллайди. Сиёсатшунослар фикрича, Арқадағ шу тариқа парда ортидан мамлакатни бошқаришда давом этаверади.
Аммо бу янги сценарий эмас. Ўз вақтида Туркманистоннинг Биринчи Президенти, Туркманбоши унвони соҳиби Сапармурат Ниёзов ҳокимиятда умрбод қолиш учун ўзига шундай йўлни тайёрлаганди.
У халқни 1995 йилдан шунга тайёрлаб борган. 1999 йилда у умрбод Президент бўлиш ҳуқуқини қўлга киритган. 2003 йилда ҳокимиятнинг бўлиниш принципи бекор қилинган. Ўша йилларда қуйи идоралар олий ҳокимият ва бошқарув органи Халқ Маслаҳатига ҳисобдор бўлган. Ниёзов Президент лавозимидан кетиб, ўзи ташкил қилган Халқ кенгаши раҳбари бўлиб қолишни режалаштирганди. Бироқ бу амалга ошмади. У 2006 йилда вафот этди.
Унинг ўрнига келган халафи Бердимуҳамедов ҳам ҳудди шу йўлни танлади. У ҳозиргача Конституцияни уч марта ўзгартирди. 2017 йилдаги ўзгартиришлар Бердимуҳамедовнинг ҳокимиятини мутлоқлаштирди. Янги Конституция нималарни тайёрлаётгани эса тез орада маълум бўлади. Мутахассислар янги таҳрирдаги Бош қонунда кўплаб ўзгаришлар бўлишини тахмин қиляпти. Эътирозларнинг асосийси Конституцияда кўплаб моддалар икки хил тушуниш мумкин бўлган ҳолда ёзилаётганига нисбатан бўлиши таъкидланяпти.
Конституция қай даражада ўзгараётганини тахмин ва муҳокама қилиш мумкин. Аммо экспертлар унинг асосида ҳокимиятни ноқонуний деган номдан сақлаш принципи ётишига ишонч билдиряпти. Жамоатчилик фикридан сақланиш учун муаллифлар “ваъда бериб бажармасликдан кўра, айтмаслик яхши” қоидасига амал қилади деган фикр мавжуд.
Туркманистонни кузатиб борувчи мутахассислар бундай мавҳумликлар мамлакат қонунчилигининг давлатни бошқариш блокида етарлича эканини, бу эса ҳокимиятни эгаллаб туришга йўл беришини такрорлаётир.
LiveБарчаси