Туркийлар “тил бириктирди”
Интервью
−
17 Сентябрь
17249Сўнгги йилларда сиёсий томонлама яқинлашишга ҳаракат қилаётган туркий давлатларни олимлар тил орқали бирлаштирмоқчи. Жорий йилнинг 11 сентябрь куни Озарбайжоннинг Боку шаҳрида Халқаро турк академияси ва Турк лингвистлари жамияти томонидан туркий давлатлар учун умумий алифбо тасдиқланди. Жами 34 ҳарфдан иборат бўлган мазкур алифбо лойиҳаси аслида 33 йил олдин, яъни 1991 йилда таклиф қилинган ва илк бор барча туркий олимлар томонидан маъқулланди.
Ўзбек алифбосидан фарқли равишда ўртоқ алифбо 9 унли ва 25 ундошдан иборат. Бунда У унлисининг уч шакли, А ва И унлиларининг икки хил талаффузли шакллари ўртоқ алифбодан ўрин олган. Бошқа туркий халқлар нутқида борлиги учун Х ва Ҳ ҳарфлари аслича қолдирилган.
Шунингдек, Ш, Ч, Ў, Ғ, НГ ҳарфларининг ёзилиши соддалаштирилган, тутуқ белгисидан эса бутунлай воз кечилган. Хўш, бу алифбо Ўзбекистонга нима беради? Қачон ва қандай жорий қилинади. Ҳақиқатдан ҳам алифбо туркийларнинг бошини бир қила оладими? Бу саволларга QALAMPIR.UZ Ўзбекистон олимлари номидан лойиҳани тасдиқлаган профессор, педагогика фанлари доктори Қозоқбой Йўлдошевдан жавоб олди.
“Туркий давлатлар ташкилоти тузилганидан кейин президентларнинг ўртасида янаям яқинлашмоқ, бир-бирини тўлароқ англаш учун ёзувларимизни ўртоқ бир ҳолга келтирсак, деган ғоя пайдо бўлди. Ана шу ғоянинг ижроси учун эса Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Туркия вакиллари томонидан бир ўртоқ алифбони ислоҳ қилиш, яхлит ҳолатга келтириш юзасидан комиссия тузилган. Шу комиссияда бизнинг вакилларимиз ҳам қатнашган. Ҳозир энди Бокуда, Бокугача ҳам турли жойларда учрашувлар бўлди. Олимлар томонидан анча вақтдан бери шу масалани бир тўхтамга олиб келиш учун ҳаракат қилинди ва ниҳоят, мана шу кечаги, 11 сентябрь куни бу аниқ бўлди”, деди Йўлдошев.
Унинг айтишича, бу оддийгина ишдек кўриниши мумкин, лекин аслида жудаям катта тарихий ҳодиса бўлди. 1926 йилда турк-лотин ёзувига ўтиш ғояси бўлган турк дунёсида ўртоқ алифбо масаласи охиригача етказилмаган эди. Бу сафар олимлар томонидан охиригача ишлаб чиқилди. Лекин бу дегани ҳаммаси қабул бўлди-ю, эртадан бошлаб бу жорий қилинади дегани ҳам эмас.
Хўш, алифбонинг жорий этилиши қандай бўлади, мактабларда ўқитила бошланадими?
“Аслида ният ҳамма даражада ишлатиш. Уни бошланғич синфдан тортиб, яъни бошланғич синфдан илмий ишларгача, бадиий адабиётгача ўша ёзувга ўтиш ҳақида гап кетяпти. Турк дунёсининг ягона алифбоси сифатида қабул қилиш бир кунда ёки бир йилда дарров амалга ошадиган ҳодиса деб айтиш қийин. Бунинг учун жуда катта тайёргарлик кўрилиши керак. Айниқса, ҳалигача ёзув масаласида бир тўхтамга кела олмаган ўзбекка анча машаққат туғдиради. Биз ҳали 9 та унлини, уни қайси ўринларда ажратиш кераклигини ўрганмаганмиз. 1940 йилдан бери ўзбек алифбосида 6 та унли бор деган фикр сингдириб келинди. Биз ўтин билан ўтни фарқламаймиз, битта ҳарф билан ёзишга уринамиз. Биз буларни бошқа-бошқа ҳарф билан ифодалашимиз керак. Бу энди ташвиш лекин бизнинг тилимизни бойитадиган ва унинг табиатига хиёнат қилмайдиган тутум”, деди у.
Бу бутун туркий миллатлар учун бир-бирини ҳеч қандай воситачисиз тушуниш имконини беради. Албатта, янги алифбони қабул қилишни истамайдиган одамлар кўплаб топилади.
“Мана шу вақтгача муаммоли бўлган 4 та ҳарфни алмаштиролмай келдик-ку. Агар ҳозир қилмасак, бу иш шундайлигича қолаверади. Рус алифбосига 6 ойда ўтилган. Аввало, тилнинг табиатига хиёнат қилинмайди, ўт билан ўрнинг фарқига борадиган ўзбек дунёга келади. Масалан, ҳозир жуда кўпчилик одамлар “ўнг қўл”, “минг” деган сўзларни айта олмайди, “ўн қўл” , “мин” дейди. Масалан, яна “кўнгил” сўзида “нг” ҳарфини ажратиб бўғин кўчирадиганлар бор. Ёзув дегани қудратли нарса бу – одамнинг фонетик хусусиятларини ҳам ўзгартириб юборади. Биз тилга нисбатан нотўғри муносабатимизни тўғрилаб олишимиз керак. қачондир барибир тўғрилаймиз. Биз қилмасак, биздан кейин шу ишни қилишади. Уларга қолдирмаслигимиз керак, қийналдикми, қийналдик?! 35 йилда шу 4 та ҳарфни реал қилолмадикми, демак, 36 йилда шунинг 9 тасини ҳам тўғрилашимиз керак”, дея тушунтирди Йўлдошев.
Кўринадики, лойиҳа бўйича олдинга қўйилган мақсадлар анча юқори. Бу ғояни амалга оширишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Туркий алифбонинг Ўзбекистонда жорий этилишига нафақат олимлар, балки ҳукумат ҳам, халқ ҳам ҳаракат қилиши керак. Аммо туркийларнинг хоҳ тил бўлсин, хоҳ бошқа соҳа бўлсин бирлашишига қарши кучлар йўқ эмас.
“Ғалати, биздаги “О” ҳарфи бутун турк дунёсида “Ў” сифатида ўқилади. Бизни бошқа туркийлардан шу даражада ажратишга ҳаракат қилинганки, бу ҳарфларимизга ҳам кўчиб кетган. Оқибатда биз яна бир қарич қардошларимиздан узоқлашганмиз. Агар яна туркий дунёга интиламан десак, қийин бўлса ҳам агар яна уларга яқинлашаман десак, барибир ўртоқ алифбони қабул қилишимиз керак. Худди шунча йиллар давомида 4 та ҳарфни ўзгартирмаганимиз каби. Аслида бошиданоқ шундоқ Туркиянинг, Озарбайжоннинг алифбосига ўзимизникини қўшиб қўйсак бўларди. Шундай қилмоқчи ҳам эдик. Аммо бирданига бизнинг алифбомиз уларникидан фарқ қилиши керак бўлиб қолди. Кимдир атайин ўзбекни бошқа туркийлардан айиришга уринаётгандай, гўё” деди профессор Қозоқбой Йўлдошев.
2023 йилда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари учун умумий тил сифатида рус тили белгиланган эди. Ҳамдўстлик давлатларининг аксарияти эса туркийлар. Рус тили туркийларнинг бирикуви учун қандай таъсир қилади? Туркий тил тарафдори бўлган олимлар бунга қандай курашади?
“Олимлар ўзлари хоҳлаган гапни айтишга журъат этолсалар айтади. Масалан, яқиндагина Абдулла Абдуқодиров деган мутахассис рус тили ҳаммамиз учун давлат тили бўлиши керак деган фикрни айтди. Унинг бундай фикр билдиришига ҳаққи бордир, аммо менинг ҳам бир ўзбек сифатида, турк сифатида, одам сифатида унга қарши фикр билдиришга ҳаққим бор. Кимнинг фикри маъқулланиши эса бизнинг жамиятимизнинг савиясига боғлиқ. Ҳа, бюджетнинг пулини асраймиз дея бу ғояларга батамом қарши турадиганлар йўқ эмас. Аммо шуни унутмаслик керакки, туркий бирлашув хоҳ тил томонлама, хоҳ иқтисодий томондан, ёки бошқа, ҳар қандай сарфланган миллионларни, миллиардларни қайтариб беради, ортиғи билан қайтариб беради”, деб айтди у.
LiveБарчаси