Туркиялик олим Бухородан туркий халқлар бобокалонининг қабрини топганини эълон қилди
Олам
−
03 Октябрь 2021
16319Туркиянинг Гази университети профессори доктор Нежати Демир Бухородан афсонавий турк хоқони Алп Эр Тўнга қабрини топганини айтмоқда. Бу ҳақда Туркиянинг “Huriyyat ” газетаси хабар бермоқда.
Анча вақтдан буён Бухорода тадқиқот олиб бораётган Туркиянинг Гази университети профессори, доктор Нежати Демир Алп Эр Тунг қабрини топганини даъво қилмоқда. Доктор ўз кашфиёти ҳақида Twitter саҳифасида эълон қилган.
“Турк дунёсини қутлайман. Туркийларнинг умумий бобокалони Алп Эр Тўнга қабри мен томонимдан Бухородан топилди”, деб таъкидлаган профессор.
Лекин, доктор Нежати Демир Алп Эр Тўнга дафн қилинган жой ҳақида батафсил маълумот бермаган ва шундай деган:
“Қадимги араб ва форс манбаларида Алп Эр Тўнга мақбараси Бухорода эканлиги айтилган. Мени вилоят тарихчилари ва тадқиқотчилари ҳам қўллаб-қувватлашди. Тафсилотларни яқин кунларда баҳам кўраман”, деган доктор Нежати Демир.
Маълумот учун, Алп Эр Тўнга милоддан аввалги VII асрда яшаган деб тахмин қилинади. Алп Эр Тўнга таниқли ҳарбий саркарда ва машҳур давлат арбоби бўлиб, у туркий халқлар бобокалони ҳисобланади. У сак қабиласининг етакчиси бўлган. Баъзи тарихий манбаларда у “Афросиёб”, номи билан ҳам тилга олинади.
Алп Эр Тўнганинг болалик ва ёшлик йиллари тўғрисидаги маълумотлар кам сақланиб қолган. Унинг аждодлари ва келиб чиқиши тўғрисида турли-туман мулоҳазалар бор. Бироқ Алп Эр Тўнга туркий қавмга мансуб бўлгани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат ҳисобланади.
Алп Эр Тўнга ҳақида Маҳмуд Кошғарий ўзининг “Девону луғотит турк”, Абу Райҳон Беруний ўзининг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” китобида маьлумот беради
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь