2019 йилда ёқа ушлатган жиноятлар
Таҳлил
−
31 Декабрь 2019
38841QALAMPIR.UZ таҳририяти йил давомида жамоатчилик томонидан энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида материалларини эълон қилишда давом этади. Қуйида эса тугаб бораётган 2019 йилда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган ва шубҳасиз тарихда қолган “йил жиноятлари” ҳақида икки оғиз сўз юритамиз.
Боласини ҳожатхонага ташлаган аёл воқеаси
Бу воқеа бутун Ўзбекистон оналарини ларзага келтирди, десак муболаға бўлмайди. Фуқаро Ф.Т. жорий йилнинг 2 июль куни қиз фарзандни Сурхондарё вилояти Денов туманидаги бозорда жойлашган аёллар ҳожатхонасида дунёга келтириб, уни ҳожатхона ўрасига ташлаб кетди. Ушбу воқеа фуқаролар нафратини қўзғаб жиддий муҳокамага сабаб бўлганди.
Чақалоқ туғилганини онаси ва ўзидан бошқа ҳеч ким билмаган. Меҳрибон она ўз отаси ва ака-укасидан қўрққанидан, қариндош-уруғ, қўни-қўшнидан уялганидан онаси билан келишган ҳолда болани йўқ қилиш учун шу йўлни топишган. Бола ҳожатхона янги тозаланганлиги ва орқа томони билан тушганлиги сабабли ва ўз вақтида топилиб, тиббий ёрдам кўрсатилганлиги учун тирик қолган. Дарвоқе, унинг ҳаётини Ички ишлар ходими сақлаб қолганди.
"Қувасойцемент" ва "Бекободцемент" АЖлар бўйича Гулнорага янги иш очилди
Яна бир йирик муҳокамаларга сабаб бўлган жиноят иши мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан боғлиқ. Гулнора Каримовага нисбатан жорий йилнинг августь ойида янги ҳолат бўйича жиноий очилган эди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан унга нисбатан давлат мулкини талон-торож қилиш, Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зид битимлар тузиш ҳамда ўзгаларнинг жуда кўп миқдордаги мулкини товламачилик йўли билан қўлга киритиш ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди.
Жиноят ишлари қўзғатилишига халқаро юридик компаниясидан келиб тушган маълумотлар ва фуқароларнинг аризалари асосида тўпланган текшириш ҳужжатлари асос бўлган.
Аниқланишича, Гулнора Каримова бир гуруҳ шахслар билан тил бириктирган ҳолда, "Қувасойцемент" ва "Бекободцемент" АЖларининг давлатга тегишли бўлган акцияларини арзонлаштирилган нархларда сотиб олган.
Гулнора Каримова қайд этилган акцияларни чет эл тадбиркорларига сотган ҳамда уларнинг ноқонуний фаолиятига раҳнамолик қилиб, республика манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.
Бундан ташқари, Гулнора Каримова фуқаролар ва турли компания эгаларини зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, уларнинг мулкини ўзига тегишли бўлган компанияларга расмийлаштириб беришга мажбур қилган.
“Рашид Қодиров иши”
2019 йил 26 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров ва бошқаларга оид (жами 13 нафар шахс) жиноят иши бўйича айблов ҳукми эълон қилинди.
Суднинг ҳукми билан, 2000-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори лавозимида фаолият кўрсатиб келган Рашид Қодиров, шу даврларда прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда катта лавозимларида ишлаган М. Мирзаев, Ж. Файзиев, У. Суннатов, Р. Пулатов, А. Мусашайхов, У. Хуррамов, Ю. Гаипов, А. Мирзаев, М. Мирзаева, фуқаролар С. Косимов, А. Икрамов ва Х. Ахмеджанов билан ўзаро жиноий тил бириктирган деб топилди.
Улар бир гуруҳ бўлиб пора олиш, пора беришга далолат қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.
18 йилга қамалган собиқ ДХХ раиси
Шу йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев, унинг ўринбосари Жаҳонгир Эгамовга қарши жиноят иши очилгани маълум қилинганди.
Ихтиёр Абдуллаев 2018 йилнинг 31 январидан 2019 йилнинг февралига қадар ДХХга раҳбарлик қилган. У соғлиғи ёмонлашгани туфайли ўз аризасига биноан лавозимдан озод этилгани айтилганди.
Кейинроқ, у порахўрликда айбланди. Мазкур иш бўйича жами 10 га яқин мансабдор тергов қилинаётгани хабар қилинганди. Уларнинг орасида Олий суд раиси ўринбосари Баҳодир Деҳқонов ҳам бўлган.
Июль ойида бошланган суд иши сентябрь ойига келиб тугади. Ҳукмга кўра, Ихтиёр Абдуллаев жиноий уюшма ташкил этиб, мансаб ваколатини суистеъмол қилиб, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламчилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, жиноятлар мажмуи тариқасида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Шунингдек, суднинг ҳукми билан: ДХХ раисининг собиқ ўринбосари Жаҳонгир Эгамов 16 йил, ДХХ раисининг собиқ маслаҳатчиси Алишер Ишанходжаев 17 йил, Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ ўринбосари Ёркин Абдуллаев 14 йил, Адлия вазирлиги Кадрлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Юсуфбой Ходжаев 8 йил, Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Ғайрат Хидоятов 5 йил, Олий суд раисининг собиқ ўринбосари Баходир Деҳқонов 5 йил, Наманган вилоятининг собиқ прокурори Улуғбек Тошевга 5 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиб, ҳар бири муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиндилар.
Қамоққа олинган учинчи Бош прокурор
Ўзбекистон Республикаси собиқ Бош прокурори Отабек Муродовга нисбатан очилган жиноят иши ҳам жамоатчиликда қизиқиш уйғотганди. Жорий йилнинг 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисида Президент Муродовнинг лавозимдан олингани ва унга нисбатан жиноят иши очилганини айтди.
18 сентябрь куни Отабек Муродов уй қамоғидан қамоқхонага ўтказилганди. Унинг иши собиқ ДХХ раиси “Абдуллаев иши” доирасида олиб борилаётгани хабар қилинди. Ҳозирча унинг тергов иши якунланмаган.
“Юсупов иши”
Йил ҳисобидан катта шов-шувга айланган воқеалардан бири журналист, Ўзбекистон Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов ҳибсга олингани бўлди.
Жорий йилнинг 10 май куни Саид-Абдулазиз Юсупов Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилиниб ушланди ва ДХХ тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди.
Кейинроқ, жорий йилнинг сентябрь ойида Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида Саид-Абдулазиз Юсуповга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд бошланди.
Судланувчи Саид-Абдулазиз Юсупов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167, 168 ва 28,211 моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Занжирбанд аёл воқеаси
2019 йилнинг сентябрь ойида Тошкент вилоятининг Зангиота туманида қизиқ воқеа содир бўлди. Унда куёв А.Т. ўз турмуш ўртоғи Д.Т.ни ноқонуний тарзда занжир билан оёғидан боғлаб, ўз уйида сақлагани аён бўлди. Д.Т.нинг онаси тегишли ИИБга мурожаат қилган ва қизи озод қилинганди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, жавобгарликка тортилганди.
Ўзимизникиларни “ухлатган” “HUMAN” хусусий бандлик агентлиги иши
Жорий йилнинг 20 сентябрида жамият раҳбари Шохнур Файзуллаевга нисбатан жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилганди. Жиноят натижасида 1 198 нафар фуқарога 21 млрд сўмдан зиёд зарар етказилган. Унинг иши Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида кўрилмоқда.
Судланувчи Шохнур Файзуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг фирибгарлик, сохта тадбиркорлик, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг, ярим тиркамаларининг давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришда назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Туяқушчи “Straus House” МЧЖ иши
Яна бир фирибгарлик жинояти билан омманинг кучли эътирозларига сабаб бўлган корхона “Straus House” МЧЖ иши бўлади. Жорий йилнинг ноябрь ойида унинг мансабдор шахслари устидан фирибгарлик айби билан тергов ҳаракатлари бошланганди. Сентябрь ойининг охирида унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилганди. У одамларга қайтариб сотиб олиш шарти билан туяқуш жўжаларини сотганди. Ҳозирда бу иш доирасида 400га яқин шахслар сўроқ қилинган. Улар жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб топилган.
Бошсиз тана
Йил жиноятлари сафига яқинда Андижон вилоятида содир бўлган қотилликни ҳам қўшиш мумкин. Фуқаро И.Н.га қарашли бошсиз мурда “Қорадарё” дарёсининг Олтинкўл тумани, Mаданий меҳнат-2 MФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмидан топилган.
16 декабрь куни Aндижон тумани прокурори томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Шу куннинг ўзида жиноят иши вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан иш юритувга олиниб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган.
4-қаватдан отиб юборилган 4 ёшли бола
Жамоатчиликнинг қаттиқ муҳокамасига сабаб бўлган яна бир воқеа Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жорий йилнинг 20 декабрь куни содир бўлди. Унда фуқаро В.К. бирга яшаб келаётган аёл М.К. билан спиртли ичимлик ичади. Кейин ўзаро низо содир бўлиб В.К. М.К.нинг 4 ёшли қизини 4-қаватдан ерга ташлаб юборади. Қиз воқеа жойининг ўзида вафот этади.
LiveБарчаси