Туркиядаги йирик ўрмон ёнғинлари оқибатида 10 дан ортиқ киши ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
21 Июнь
3027Кеча, 20 июнь куни Туркиянинг Диёрбакир ва Мардин шаҳарлари оралиғида кенг кўламли ўрмон ёнғинлари содир бўлиши ортидан 11 киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳриддин Кожа ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, ёнғинда 78 киши жабр кўрган, кўплаб қорамол ва қўйлар ҳам нобуд бўлган. Ёнғин шамол таъсирида янада авж олган.
“Кеча тунда Диёрбакирнинг Чинор туманига қарашли Кўксалан маҳалласи ва Ёзчечаги қишлоғи билан Мардин шаҳрининг Мазидағи туманига қарашли Южебоғ ва Еткинлар қишлоғида содир бўлган ёнғинда 11 киши ҳалок бўлди, 78 киши жабрланди”, дейди вазир.
Ёнғинни ўчириш учун мамлакат жануби-шарқидан ўрмон бошқаруви бошқармаси, 39 та тез ёрдам машинаси, 4 та Миллий тиббий қутқарув гуруҳи, ўт ўчириш хизмати, фавқулодда вазиятлар хизмати гуруҳлари юборилган. Бир қатор аҳоли пунктларида эвакуация эълон қилинган.
Айни дамда офатдан жабр кўрган 9 нафар бемор Диёрбакирда, 7 нафари Шонлиурфада шифохонага жойлаштирилган.
Моҳира Эшпўлатова
LiveБарчаси