Weekend: Таҳқирланган масжид, Туркия мухолифатининг асл юзи, Трамп иродасига қарши чиққан суд

Таҳлил

Туркияда намойишчилар тарихий масжидни оёқости қилди. Намойиш ташкилотчиси бўлган мухолифат эса бунга айтарли реакция билдиргани йўқ. Уларнинг етакчиси мамлакатнинг ички ишига Британия бурун суқмаганидан нолимоқда.

Путин ва Қодировнинг орасидан ола-мушук ўтгани айтилмоқда. Агарда тахминлар ўзини оқласа, Россия маконида яна бир қизиқ сценарий гувоҳига айланишимиз мумкин.

АҚШ суди Трампнинг чегараларини белгилаб бермоқда. Оқ уй етакчисининг “Озодлик радиоси” ва “Америка овози” каби медиа ташкилотларини ёпиш қарорига блок қўйилди.

Туркиядаги мухолифатнинг асл юзи

Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши ортидан давом этаётган Туркиядаги намойишларда чегаралар қолмаяпти. Истанбулдаги намойишлар чоғида норозилик ҳаракати иштирокчилари тарихий обидани булғади. Бундан  аср муқаддам 1548 йилда Султон Сулаймон томонидан қурилган тарихий Шаҳзодабоши масжидининг деворларига пуркагичли бўёқ билан шиорлар ёзиб ташланди, у ердаги тарихий тарихий қабрлар вайрон қилинди. Масжид боғида бир гуруҳ оломон спиртли ичимлик ичиб, масжид деворларини булғашган. Намойишчиларнинг ушбу ҳаракатлари кўплаб Туркия расмийлари томонидан қораланди ва бу ахлоқ қоидаларига тўғри келмаслиги айтилди. Масалан, давлат раҳбари Ражаб Тоиб Эрдўған намойишчилар ва мухолифатнинг демократиядан тушунчаси йўқлигини айтган. Мазкур бузғунчилик нафақат Туркия ичида, балки ташқарида ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди. Жумладан, Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров ушбу хунук ҳолатга ўз муносабатини билдирди. У бир гуруҳ ёшлар маст ҳолатда, Истанбулдаги қадимий Шаҳзодабоши жоме масжиди деворларига ҳожат қилиб, тарихий қабрларни бузиб ташланишини Ғарб томонидан олдиндан режалаштирилган бузғунчилик режаси дея таърифлади. Қодировнинг фикрича, Туркияда бу ишларнинг содир бўлиш илдизи узоқ йиллар олдин мамлакатда очилган Европа мактабларидаги таълимга бориб тақалади.

“1924 йилда Туркия Республикаси қурилганида Европа давлатларидан илм оламиз деб Европа мактабларига кенг эркинликлар берилган. Бу мактаблар илм берган, бунга шубҳам йўқ, лекин ўзлигидан нафрат этадиган сезиларли катта қатлам ҳам яратишга эришган. Ўз миллати ва қадриятларидан нафрат этадиган ёшлар, ўша мактабларни тугатган авлодларнинг невараларидир”, дея ишонч билан ёзади “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари.

Туркияда 10 кундан буён узлуксиз тарзда давом этаётган намойишларда қўлга олинганлар ва яраланган полициячилар сони ортиб боряпти. Хусусан, шу чоққача ҳибсга олинганлар сони 2 мингга яқинлашган бўлса, 150 дан ортиқ полициячи турли даражада жароҳатланган. Бу орада эса юқорида тилга олинган масжиддаги ўта хунук вандализм ва полициячиларга қилинган ҳужумлар юзасидан ушбу ҳолатларга сабаб бўлаётган намойишларнинг ташкилотчилари айтарли изоҳ бермай қўйди. Дастлабки кунларда улар ҳеч бўлмаганда одамларни полицияга ҳужум қилмасликка чақираётганди. Аммо бугун улар масжиддаги хунрезликлар ва бошқа қоидабузарликларга айтарли муносабат билдирмай қўйишди. Аксинча, улар яъни Туркиянинг асосий мухолиф партияси – Жумҳурият халқ партияси 2028 йилги президентлик сайловлари учун қамоқдаги Экрем Имомўғлини партия номзоди сифатида тасдиқлади. Тегишли қарор 27 март куни қабул қилинган. Партия етакчиси Ўзғур Ўзел журналистларга берган баёнотида Туркияда муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш учун имзо йиғиш жараёни бошланишини маълум қилган. Унинг мақсади – 28 миллион имзо йиғиш ва амалдаги Президент Ражаб Тоиб Эрдўғаннинг 27,7 миллион овозини ортда қолдириш. ЖХП раиси, шунингдек, ҳафта охирида Малтепада бўлиб ўтадиган намойишлар давом эттирилишини билдирган. У Анқара, Измир, Анталия ва Мерсин каби йирик шаҳарларда “Менинг номзодимни қолдиринг” шиори остида акциялар ўтказишини ҳам эълон қилди.

Шу ўринда, Туркияда 10 кундан буён ўтказилаётган намойишларнинг асосий драйвери бўлган мана шу ЖХП етакчиси Ўзғур Ўзелнинг сиёсий қарашларига қисқача тўхталиб ўтсак. Туркиянинг асосий мухолифати саналмиш Жумҳурият Халқ партияси (ЖХП) раиси Ўзғур Ўзел мамлакатда давом этаётган намойишларга Буюк Британия реакция бермаётгани туфайли расмий Лондондан ўпкалади. У BBC’га берган интервьюсида Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига нисбатан сукут сақлаган Британия Бош вазири Кир Стармерга “биз ўзимизни ташландиқ ҳис қиляпмиз”, дея мурожаат йўллади. У Имомўғлининг қамоққа олинишига нисбатан бутун Европа реакция билдиргани, бироқ Британия бу ҳақда ҳеч нарса демаётганига ҳайрон эканини билдирди. ЖХП раисининг бу сўзлари қайсидир маънода жуда ғалати. Унинг бу норозилиги партия тафаккури ва бугунги Туркиядаги мухолифатнинг асосий принципларини бир қадар очиб ҳам беради. Бир сўз билан айтганда, бу шармандаликдан бошқа нарса эмас. Негаки, сўнгги 20 йилликда Эрдўған ва ҳукмрон партиянинг саъй-ҳаракатлари билан Туркия халқаро майдонда том маънода мустақил ўйинчига айланди. Қутбланиш жараёнида ҳеч бир тарафнинг соясига кириб кетгани йўқ. Яқин Шарқда ҳеч ким кутмаган тарихий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бугун расмий Анқара устида ҳеч гигант ўйинчининг айтарли босими мавжуд эмас деб бемалол айтиш мумкин. Аммо мана шу бугунги Туркиядек қудратли бир давлатнинг амалдаги ҳокимиятига қарши энг кучли мухолифат раиси ўлароқ, Ўзғур Ўзелнинг юқоридаги сўзлари уятлидир. Унинг мамлакат ичидаги вазиятга Лондондан изоҳ кутиши шармандалик дея қайта-қайта таъкидлаш мумкин. Тўғри, ташқи кучлардан амалий ёки маънавий кўмак олиш сиёсий майдонда жудаям уятли ишмасдир, аммо Туркия шароитида бу борада ўйлаб мулоҳаза қилиш тўғрироқ бўлади. Агар Ўзел ва мухолифатдаги ЖХПнинг ёндашуви мана шундай бўлса, борди-ю келажакда Туркияда ҳокимият тепасига ЖХП келса, мамлакатнинг ташқи сиёсатдаги аҳволи қандай бўлишини тахмин қилиш қийин эмас.

Путиндан қочаётган Қодиров

2007 йил февраль ойида Владимир Путин Чеченистон президенти Алу Алхановни лавозимидан четлатиб, унинг ўрнига собиқ президент Аҳмад Қодировнинг ўғли Рамзан Қодировни тайинлаганди. Шундан буён Путин ва Қодиров орасига қил ҳам сиғмайдиган яқинларга айланган. Ҳатто Қодировнинг Telegram каналига назар ташласангиз, каналнинг асосий расмида Путинни кўришингиз мумкин. Бу ришталар дўстлик ёки раҳбар ва хизматчи муносабатларими буниси номаълум. Ҳар ҳолда Қодиров шу чоққача Путин хизматига ҳозир-у нозир бўлиб келган. Украинага босқинда ҳам шундай бўлди. Россиянинг қатор ўлкаларида босқинга мобилизация жараёни суст бўлган бир маҳалда, чечен баталёнлари фронтнинг олд қаторларидан ўрин эгаллади. Албатта, булар ўз ўрнига, аммо сўнгги пайтларда Путин ва Қодиров ўртасидаги яқин муносабатлар дарз кетгани, уларнинг орасига совуқчилик тушгани ҳақидаги хабарлар болалади. Сўнгги бир ой ичида рус медиасида Қодировнинг қочоққа айланиш эҳтимоли бор деган мавзудаги материаллар анча кўпайди. Бу масала юзасидан “Важные истории” нашри ҳолатдан хабардор манбалар орқали батафсилроқ маълумот берди. Унга кўра, охирги пайтларда Россия Президенти Владимир Путин ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўртасидаги муносабатлар бузилган ва бу ҳақда нашрга Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Шимолий Кавказга ихтисослашган собиқ ходими сўзлаб берган. Маълум қилинишича, Қодиров ва Путин ўртасидаги келишмовчиликнинг асосий сабаби Чеченистон раҳбарининг Яқин Шарқ мусулмон монархиялари вакиллари билан келишилмаган ва тез-тез учраётган музокаралари бўлган. Нашр шунингдек, Қодировнинг анчадан бери оғир касаллиги, унинг буйраги ва ошқозоности безида жиддий муаммолар борлигига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Дарвоқе, сўнгги бир йилдан буён Рамзан Қодиров жиддий касаллик билан курашаётгани, унинг юзидаги шишлар Чеченистон раҳбари оғир дардга чалинганидан далолат экани ҳақидаги хабарлар жуда кўпайганди. Қайд этилишича, бугунга келиб, Қодировнинг касаллиги зўрайиб бормоқда. У ОАВдаги фаоллик туфайли аҳволи оғирлашганини яширишга уринаётган бўлса-да, сўнгги ойларда узоқ вақт жамоатчилик эътиборидан четда қолмоқда. Январь ва февраль ойларида Чеченистон республикаси раҳбари узоқ вақт давомида камералар объективида кўринмаган, кейинроқ буни таътил билан оқлаган. Нашрга кўра, ўшандан бери Қодиров баландпарвоз баёнот бермаган ва фақат республикадаги “инспекциялар”нинг роликларини эълон қилган. Аммо Қодиров ижтимоий тармоқлардаги асосий саҳифаларидан бири бўлган “Кадйров95” номли каналда у март ойига келиб яна қайта фаоллашганини кўриш мумкин. Масалан, унинг БААга ташрифи ва мамлакат президенти Зайд Ол Наҳаён билан учрашуви шулар жумласидандир. Аслида ҳамма гап ҳам шунда. Қодировнинг соғлиғидаги жиддий муаммолар ва ўлимидан кейин қариндошлари, оиласининг хавфсизлиги борасидаги хавотирлар бугун Путин ва Қодиров ўртасидаги совуқчилик ва кейинги зиддиятлар учун асосий сабабдир. Маълум қилинишича, кўп сонли қариндошларининг келажагига бўлган ишончсизлик уни Яқин Шарқ мусулмон мамлакатларидан улар учун кафолат излашга мажбур қилган. Чунки уларнинг раҳбарлари билан Қодиров узоқ йиллик дўстона муносабатларга эга. Чеченистон раҳбари эса табиийки бу музокараларни Кремлдан яширишга уринган, ҳолатдан дарҳол хабар топган Федерал хавфсизлик хизмати бу ҳақда Путинга хабар берган. “Важные истории” нашри “Чеченистон раҳбари ўз минтақасида ҳокимият қандай тузилганини ва у кетган тақдирда оила аъзоларини нима кутаётганини яхши билади”, дея сўнгги воқеликларга изоҳ берган. Нашр, шунингдек, яқинда Қодиров тўнғич фарзанди, 26 ёшли қизи Ойшатни давлат лавозимларидан четлатганини ҳам бир сабаб қилиб кўрсатган. 2020 йилдан бошлаб отасига энг яқин фарзанд бўлган Ойшат Чеченистон Маданият вазирининг биринчи ўринбосари бўлган, кейинчалик вазирликни бошқарган ва 2023 йилда республика Бош вазири ўринбосари бўлган. Қодировнинг Кремль билан муносабатлари ёмонлашганига параллел равишда, Ойшат лавозимини тарк этган ва Чеченистоннинг энг йирик экспортчиси Чечен минерал сувлари компаниясининг эгасига айланган. Март ойи охирида Ойшат Қодирова ва Чеченистон раҳбарининг кенжа қизи Табарик Қодированинг исмлари юридик шахслар реестридан яширилган.

Албатта, бу гап-сўзлар ва тахминлар ўз-ўзидан ўртага чиққан эмас. Қодиров ростдан ҳам сўнгги пайтларда Яқин Шарққа жиддий талпинмоқда. Ҳойнаҳой БАА унинг асосий нишони. Чунки 19 март куни Чеченистон раҳбари БААга ташриф буюрди ва мамлакат президенти Зайд Ол Наҳаён билан учрашди. Қодиров мазкур ташриф сабабини ифторликка йўйган ҳолда, Наҳаённи катта ака деб номлаган. Путин билан узоқ йиллик яқин алоқалардан яхшигина ҳадис олган Қодиров “катта ака“ номли муносабатларни маромига етказиши табиий. У шунингдек, ўзининг Telegram каналида учрашув ҳақидаги тафсилотлар ҳақида ёзиб, Наҳаённи роса алқаган.

“Мен учун у билан бўлган ҳар бир учрашув шунчаки дипломатик воқеа эмас, балки донолиги ва матонати, самимий ҳурмат-эҳтиром уйғотадиган буюк йўлбошчи ва ҳақиқий мусулмон билан мулоқот қилиш қувончидир. Мен биродарлик, дўстлигимиз ва ишонч ва ўзаро тушунишга асосланган муносабатларимиздан чексиз фахрланаман. Биз умумий қадриятлар ва мақсадларга эгамиз, бу бизнинг ҳамкорлигимизни, айниқса кучли ва самарали қилади. Мен доимо Шайхдан мадад ва ҳурмат ҳис қиламан”, деб ёзган Қодиров.

Наҳаёндан доим мадад ҳис қилган Қодиров унинг 2024 йил октябрь ойида Россияга қилган ташрифи чоғида ҳам алоҳида эҳтиром кўрсатганди. Бу ва бошқа жиҳатларни шунчаки Рамзан Қодиров ва Яқин Шарқ монархи ўртасидаги илиқ муносабатларга йўйиш мумкиндир. Аммо шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди, деган гап бекорга эмас. Устига-устак юқорида таъкидланганидек, Қодиров ва Путин атрофидаги мазкур гап-сўзлар рус медиасида бир ойдан буён муҳокама қилинмоқда. Бироқ Чеченистон раҳбари ва Путин бунга айтарли изоҳ берганича йўқ.

“Озодлик“ ва “Америка овози” ёпилмайди

Дональд Трамп ўзининг кўплаб қарорлари суд тўсиқларига учраётганидан нолиганди. Аммо унинг бу эътирозлари ҳеч нарсани ҳал қилмайди. 250 йилдан буён босқичма-босқич шаклланиб келаётган АҚШдаги тизим бор-йўғи 4 йилгина овал кабинетда ўтирувчи шахснинг иродасига бўйсунмаслиги олдиндан маълум эди. Қўшма Штатларда яхшигина шаклланган ҳокимиятнинг бўлиниш принциплари Трампга ўз ўрнини кўрсатиб қўйишни бошлади. “Озодлик радиоси” ва “Америка овози”ни тугатиш билан қарорларга блок қўйилиши бунинг энг дастлабки ёрқин мисолларидандир. 25 март куни Колумбия округи суди судьяси Ройс Чарльз Ламберт АҚШ Президенти Дональд Трампнинг “Озодлик радиоси”ни ёпишга бўлган ҳаракатини вақтинча тўхтатди. Судьянинг ушбу вақтинчалик тақиқлов қарори федерал маблағ билан молиялаштириладиган бу радиостанциянинг очиқ ҳолда қолишига имкон беради. Судья Ламбертнинг таъкидлашича, Конгресс томонидан бу ахборот агентлигига фикр ва ифода эркинлигини тарғиб қилиш вазифаси юклатилган бўлиб, уни “деярли ҳеч қандай тушунтиришсиз битта жумла билан” йўққа чиқариш мумкин эмас. Ламберт ўзининг бу гапи билан 15 март куни Трамп маъмурияти томонидан “Radio Free Europe/Radio Liberty (RFE/RL)”га юборилган хатга ишора қилган. Бу хатда ҳукуматнинг устувор йўналишлари ўзгаргани сабабли радиостанцияга энди эҳтиёж йўқлиги билдирилган эди. Хатда бошқа тушунтириш берилмаган, фақат федерал агентликларни ёпиш бўйича Трампнинг кўрсатмаларига мурожаат қилинган.

Аммо бу Трампнинг АҚШ Глобал Медиа агентлигини демонтаж қилиш бўйича ҳаракати бўйича сўнгги даъво эмасди. Ўтган ҳафта “Америка овози”нинг журналистлари бир нечта касаба уюшмалари ва “Чегара билмас мухбирлар” матбуот эркинлиги гуруҳи билан бирга “Америка овози”нинг ёпилишини ноқонуний ва Конституцияга зид экани бўйича судга мурожаат қилганди. Мазкур иш бўйича Америка овози ва касаба уюшмалари журналистларининг даъво аризасини 28 март куни АҚШнинг Манхеттендаги округ суди судьяси Жеймс Пол Эткен кўриб чиқди. Якунда эса судья Дональд Трамп маъмуриятининг таҳририятни тугатишга уринишларини 21 кунга тўхтатди. Даъвога кўра, Оқ уй ўз ҳаракатлари билан, шу жумладан VoA ишчиларини маъмурий таътилга юбориш билан, АҚШ Конституциясининг биринчи тузатиши билан мустаҳкамланган журналистларнинг ҳуқуқларини бузган. Шу тариқа ҳозирча Трамп ва Маскнинг “Озодлик радиоси” ва “Америка овози” каби медиаларга қарши очган уруши муваффақиятсиз бўлмоқда. Мазкур иш мисолида эса Трампнинг чегарадан чиқиб кетаётган амбициялари чеклангани қайсидир маънода яхши хабар ҳамдир.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг