Туркияда ўзбекистонлик аёл эри томонидан ваҳшийларча ўлдирилди

Олам

image

Туркиянинг Умрание туманида Ўзбекистон фуқароси бўлган 35 ёшли Н.С. рашк сабабли эри томонидан кўчада пичоқлаб ўлдирилди. Бу ҳақда “Son dakika” хабар берди.

Воқеа 17 август куни кечки соат 21:00 атрофида Иҳламуркую маҳалласи Айташи кўчасида юз берган. Маълумотларга кўра, эр хотинини рашк қилиб, у билан жанжаллашган. Жанжал вақтида 35 ёшли эр аёлнинг томоғидан пичоқ билан ваҳшийларча кесиб ташлаган. Аёл олган тан-жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган. 

Ўз аёлини ўлдиргач, эркак воқеа жойидан қочиб кетган. Истанбул полицияси томонидан олиб борилган излаш ишлари давомида у 18 август куни эрталаб Умраниеда қўлга олинган. 

Қотилликдан кейин қўлга олинган эркак сўроқда жиноятни содир этганини тан олган. У илгари ҳам рашк сабабли хотини билан тортишувлар бўлиб турганини айтган. Шу куни ҳам гаплашиш учун уни кутиб тургани ва жанжал вақтида ўзини йўқотиб қўйганини полиция ходимларига сўзлаб берган. 

“Нима қилаётганимни англаб етганимда, аллақачон у ердан қочиб кетган эдим”, деган марҳуманинг турмуш ўртоғи. 

Тергов давомида воқеа атрофдаги камераларга тушиб қолгани ҳам аниқланган. 

Воқеадан сўнг эркак бир таниши билан суҳбатлашиб, ундан ёрдам сўраган. У билан телефон орқали гаплашган шахс ҳам полиция томонидан қўлга олинган. Унинг воқеа ҳақида маълум даражада хабардор бўлгани ва баъзи йўналишларда маслаҳат бергани тахмин қилинмоқда.

Суриштирув ишлари ниҳоясига етганидан сўнг, гумонланувчилар судга юборилган. Ҳодиса юзасидан тергов ишлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 июль куни Туркиянинг Айдин вилоятида жойлашган ресторанда официант сифатида фаолият юритиб келган, 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси отишма оқибатида бош қисмидан оғир жароҳат олиб, воқеа жойида вафот этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ўзбекистон Умрание

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг