Туркияда “Ўзбекистон” турар жой мажмуаси очилди

Жамият

image

Кеча, 29 январь куни Анқара шаҳрига расмий ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ҳатай вилоятида Ўзбекистон томонидан барпо этилган  “Ўзбекистон” турар жой мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маросимда сўзга чиққан Шавкат Мирзиёев уч йил олдин содир бўлган вайронкор зилзила қардош турк халқи учун оғир синов бўлганини таъкидлаган. Ўзбекистон ушбу фожиали даврнинг дастлабки кунлариданоқ Туркияга ҳар томонлама ёрдам кўрсата бошлаган.

Қисқа фурсатда 100 нафар ўзбекистонлик қутқарувчи ва 70 нафар тиббиёт ходими фалокат содир бўлган ҳудудга етиб борган. Қидирув-қутқарув ишлари натижасида 18 киши қутқарилган, 200 нафарга яқин жабрланганлар вайроналар остидан чиқарилган. Дала шифохонаси 4 минг нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатган.

Президент Ражаб Тойиб Эрдўған ташаббуси билан зилзила оқибатларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилган. Бугунги кунга қадар мамлакатда 455 мингдан ортиқ уй-жой қурилган.

Ўзбекистон, ўз навбатида, қисқа муддатларда Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида 300 дан зиёд тўлиқ жиҳозланган хонадон, жами 24 та кўп қаватли уйдан иборат барча зарур инфратузилмага эга замонавий тураржой мажмуасини барпо этган.

Туркия Президенти ушбу мажмуа нафақат жабрланган оилалар учун янги уй, балки ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги абадий дўстликнинг ёрқин намунаси эканини таъкидлаган.

Етакчилар лойиҳани амалга оширишда иштирок этган қурувчилар, муҳандислар, ишчилар ва барча ҳамкорларга самимий миннатдорлик билдирган.

Давлат раҳбарлари янги хонадонлар калитларини уларнинг эгаларига тантанали равишда топширган.

Шунингдек, Президентлар Истанбулнинг Бакиркўй туманида ўзбек мактаби қурилишини бошлаб берди. Мазкур даргоҳ Ўзбекистоннинг хориждаги биринчи таълим муассасаси бўлади.

Янги ўқув маскани Туркияда яшовчи ўзбек оилаларининг фарзандларига ўз она тилида таълим олиши билан бирга миллий қадриятлар, маданият ва анъаналарни сақлаб қолиш имконини беради.

Томонлар ушбу мактаб икки қардош халқ ўртасидаги ришталар янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилиши, ёш авлод учун муҳим таълим ва тарбия марказига айланишига ишонч билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Туркия Ўзбекистон Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг