Туркияда “Ўзбекистон маҳалласи” ва Шавкат Мирзиёев бульвари очилди

Жамият

image

Туркиянинг Ҳатай вилояти Арсус туманида Ўзбекистон томонидан бунёд этилган турар жой мажмуаси негизида ташкил этилган “Ўзбекистон маҳалласи”, Шавкат Мирзиёев бульвари, шунингдек, Тошкент ва Самарқанд кўчаларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Маросимда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси, Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов, Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси Нуман Куртулмуш, Ҳатай вилояти ҳокими Мустафо Масатли ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Нуман Куртулмуш ушбу ташаббус турк халқининг ўзбек халқига бўлган самимий миннатдорлиги ва икки қардош халқ ўртасидаги мустаҳкам дўстлик рамзи эканини таъкидлаган.

Унинг қайд этишича, Арсусда Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номининг абадийлаштирилиши оғир кунларда Туркия билан бирга бўлган ўзбек халқига кўрсатилган юксак ҳурмат ифодасидир.

Ҳатай вилояти ҳокими Мустафо Масатли эса 2023 йилнинг 6 февралдаги вайронкор зилзиладан сўнг Ўзбекистон томонидан кўрсатилган амалий ёрдам турк халқи хотирасида доимо сақланиб қолишини таъкидлаган. Унинг айтишича, “Ўзбекистон маҳалласи” номининг берилиши икки халқ ўртасидаги қардошлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатликнинг ёрқин тимсолидир.

Тадбир якунида иштирокчилар рамзий тасмани кесиб, Шавкат Мирзиёев булвари ҳамда Тошкент ва Самарқанд кўчаларини расман фойдаланишга топширди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Ҳатай вилоятида Ўзбекистон томони иштирокида қурилган янги масжид фойдаланишга топширилганди. Масжидга Туркиянинг мураккаб даврларидан бирида ўзбек халқи кўрсатган беғараз ёрдами ва бирдамлиги учун миннатдорчилик рамзи сифатида “Бухоро” номи берилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар